Яқин Шарқдаги уруш
Яқин Шарқда кенгайиб бораётган уруш глобал нефт таъминотига янги таҳдидларни юзага келтирмоқда. Пайшанба куни Саудия Арабистони ва Ямандаги ҳусийлар ўзаро янги зарбалар алмашди.
Ҳусийлар Қизил денгиз қирғоғига яқин Ҳажжаҳ вилоятига ҳамда Таиз теварагига Саудия ҳаво зарбалари берганини хабар қилди.
Яманнинг бутун Қизил денгиз қирғоғини эгаллаб олган ҳусийларнинг айтишича, Саудия кучлари сўнгги кунларда юзлаб авиазарбаларини амалга оширган. Ўтган куни ҳусийлар Саудиянинг F-15 қирувчи самолёти уриб туширилганини маълум қилганди.
Саудия Арабистони эса Тоиф шаҳрида дрон уриб туширилганини билдирди. Дрон қолдиқлари тушиши оқибатида подшоҳликда яшовчи Яман фуқароси ҳалок бўлган. Бу ўтган ҳафтада жанглар кучайганидан бери Саудия эълон қилган илк ўлим ҳолатидир. Аввалроқ 80 дан ортиқ киши жароҳатлангани маълум қилинганди.
Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги жанглар оқибатида 100 мингдан ортиқ яманлик, асосан, Яман ичкарисида ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Эрон Муҳофизлар корпуси эса Ҳўрмуз бўғозидан «ноқонуний ўтишга» уринган Того байроғи остидаги танкер зарбага учраб, ёниб кетганини маълум қилди.
Ҳусийларга қарши урушга киришни рад этган Трамп эса Эронга қарши ҳужумларни қайта бошлашни ҳал қилувчи паллада эканини айтди.
«Олдимда катта қарор турибди. Мен у ерга кириб, уларни яксон қилмоқчиманми ёки йўқми? Бу катта қарор. Мендан ҳар нарса кутиш мумкин», деди Трамп Axios’га берган интервюсида. Трамп аввал ҳам Эронга қарши амалга ошмаган, янги йирик ҳужумлар билан таҳдид қилганди.
Июн ойида эришилган вақтинчалик келишув барбод бўлгач, АҚШ ва Эрон ўртасида ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаяпти. АҚШ Давлат департаментининг билдиришича, уруш келаси ҳафта БМТ Бош ассамблеясида муҳокама қилинади ва унда Эрон делегацияси қатнашади.
Россияга қарши «дўзахий санкциялар»
АҚШ Вакиллар палатаси 17 сентябр куни Россияга қарши «дўзахий санкциялар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Украинпараст сенатор номи қўйилган ушбу ҳужжатни Сенат август ойидаёқ маъқуллаганди.
















