Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги ADM Agro корхонасининг саноатлашган интенсив боғида йўлга қўйилган замонавий аграр тажриба билан танишди.
Лойиҳа Оролбўйининг мураккаб иқлими ва шўр тупроқ шароитида интенсив боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган. Унга 55 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Интенсив боғнинг умумий майдони 330 гектарни ташкил этади. Лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли учун 100 та доимий иш ўрни яратилган.

Ҳозирда 69 гектар майдонга АҚШда селекция қилинган 250 минг туп қора олхўри кўчати экилган. Ушбу нав шўр ерларга чидамли бўлиб, экилганидан кейин икки йилда ҳосилга кириши айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, бир туп дарахтдан 50–60 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Меваларининг йириклиги ва данагининг осон ажралиши эса уларни қайта ишлаш учун қулай қилади.
Ердан самарали фойдаланиш ва қўшимча даромад олиш мақсадида олхўри дарахтлари орасига ҳосилдор помидор нави ҳам экилган. Унинг ҳар гектаридан ўртача 40–45 тонна ҳосил олиш режалаштирилган.

Сув сарфи 60 фоизгача қисқармоқда
Боғда сув танқислиги шароитига мос ёпиқ дренаж ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинган.
Маълум қилинишича, анъанавий суғориш усулида бир гектар майдон учун 12 минг литр сув сарфланса, янги тизимда бу кўрсаткич 5 минг литрни ташкил этади. Натижада сув сарфи 60 фоизгача камаяди.
Томчилатиб суғоришда сув бевосита дарахт илдизига етказиб берилади. Сув билан бирга бериладиган минерал ўғитларнинг 90 фоизгачаси ўсимлик томонидан ўзлаштирилиши қайд этилган.

Тизим тўлиқ автоматлаштирилган. Шу боис юзлаб гектар майдондаги суғориш жараёнини бир оператор бошқариши мумкин.

















