72 ёшли экофаол Дороти Хилдебрант Швециядан Мисрнинг Қизил денгиз бўйидаги Шарм аш-Шайх курортигача бўлган 8 минг кмдан ортиқ масофани велосипедда босиб ўтди. У одамларга “Иқлим ўзгаришини тўхтатинг!” – дейиш учун бу сафарга 4 ой вақтини сарфлаган.

1 июлдан қаҳрамонимиз 17 та мамлакат бўйлаб велосипедда кунига 80 км, жами 8 минг 830 километр масофани босиб ўтган. У Шарм аш-Шайхга етиб бориш учун Европа ва Яқин Шарқни кесиб чиққан. Аёл бу ишни иқлим ўзгариши муаммоси мураккаблашиб бораётганидан инсонлар хабардорлигини ошириш ва БМТнинг COP27 йиллик иқлим конференциясида йиғилганларни бунга қараши аниқ чоралар кўришга ундаш мақсадида қилган.
Доротининг айтишича, у уруш сабабли вайрон бўлган Сурия, шунингдек, Ливанда велосипедда эмас, балки таксида тансоқчи билан юришга мажбур бўлган. Синайда ҳам маҳаллий маъмурлар унинг хавфсизлиги учун Нувайба портидан Шарм аш-Шайхгача велосипедда юришини тақиқлаб қўйишган.
Шундай бўлса-да, у ўз миссиясини муваффақиятли равишда амалга оширганини таъкидлайди.

Аёл сафар давомида Facebook’даги постларини минглаб одамлар кўрганини, улардан ижобий фикрлар олиб, яхши кайфият билан йўлда давом этганини айтади. Ҳатто Туркиянинг Анталия шаҳрига келганда велосипеди бузилиб қолгани, аммо кўнгиллилар уни таъмирлашда ёрдам берганини табассум билан эслаган.
"Улар ҳақиқатан иқлим ўзгаришини тўхтатиши керак"
Хилдебрант айни вақт конференция ўтказиладиган жойдан 15 км узоқликдаги дўстининг уйида яшамоқда. У келган кунидан бошлаб бир ҳафта давомида ҳар куни электрон велосипеди ёрдамида шаҳар марказига қатнаяпти, фаоллар билан учрашиб, тадбирларда иштирок этмоқда.








