Гарет Саутгейт жамоаси турнирни ишонч билан бошлади. Англия чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири

Англия – Эрон 6:2
Голлар: 1:0 – 35 Беллингем, 2:0 – 43 Сака, 3:0 – 45 Стерлинг, 4:0 – 62 Сака, 4:1 – 65 Торемий, 5:1 – 71 Рэшфорд, 6:1 – Грилиш 90, 6:2 – 90+12 Торемий.
Англия – Пикфорд, Триппьер, Магуайр (Дайер, 70), Стоунз, Шоу, Райс, Маунт (Фоден, 71), Сака (Рэшфорд, 71), Беллингем, Кейн (Уилсон, 76), Стерлинг (Грилиш, 71).
Эрон – Бейранванд (Ҳусейни, 19), Муҳаррамий, Пуралиганжий, Чашмий (Кананизодагон, 46), Ҳуссейни, Муҳаммадий (Туробий, 63), Жаҳонбахш (Гулизода, 46), Хожсафий, Каримий (Иззатуллоҳий, 46), Нуроллоҳий (Озмун, 77), Торемий.
Огоҳлантиришлар: Жаҳонбахш (25), Пуралиганжий (48).

Футбол соясида

Жаҳон чемпионати одатда «футбол байрами» бўларди. Мухлислар бу турнир давомида фақат ўйинлар ҳақида ўйлаб, голлардан, финтлардан ва шунчаки томошадан роҳатланишарди. Аммо сўнгги вақтларда «футбол сиёсатдан холи» ибораси амалда эмаслиги борасида шубҳалар пайдо бўлди. Жаҳон чемпионатида бу шубҳалар фақат тасдиқланмоқда.

Англия ва Эрон турнирдаги иккинчи ўйинни ўтказишди, аммо шу ўйиннинг атрофида аллақачон икки томонда ҳам футболдан ташқаридаги воқеалар бўлиб ўтди. Форслар мамлакати сўнгги икки ойда дунёдаги энг жиддий муҳокамалар марказида бўлиб турибди — Эронда аёлларга муносабат масаласи кескинлашган, шу туфайли маҳаллий ташкилотлардан бири ФИФАни Эрон термасини жаҳон чемпионатидан четлатишга ҳам чақирди. Бу мавзуда «Байер» ҳужумчиси Сардор Ўзмун ҳам гапирди, бош мураббий Карлуш Кейрушга эса ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ноқулай савол беришди. Жамоа барибир Қатарга етиб келди, аммо футболчилар мамлакат раҳбариятидан норозилик белгиси сифатида мадҳияни куйламасликка қарор қилишди.

Англиянинг ҳам ўз тарихи бор. Ушбу мамлакат нашрлари Қатар атрофида салбий фон яратишда фаол — ВВС норозилик сифатида очилиш ўйинини намойиш этмасликка қарор қилди, бунинг ўрнига Гари Линекер бошқа меҳмонлар билан биргаликда инсон ҳуқуқлари, мигрантлар ва бошқаларни муҳокама қилиб ўтирди. Сўнгги лаҳзаларгача Ҳарри Кейн қандай сардорлик боғичида (ЛГБТни қўллаб-қувватлаш масаласи) майдонга тушиши маълум эмасди. Ҳатто регламентда кўзда тутилмаган экипировка учун сариқ карточка берилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Якунда барчаси ўйинга бир соат вақт қолганида ҳал бўлди — ФИФА Англия ва бошқа федерацияларга босим ўтказди, Кейн эса камалакранг боғични ВВС журналисти Алекс Скоттга топширди. Лекин Англия термаси бошқа ритуалдан воз кечмади — ўйин бошланиши арафасида футболчилар майдонда тиз чўкиб туришди (қора танлиларни қўллаб-қувватлаш учун). Яъни ўйин бошланишига сониялар қолганида ҳам футболчилар фақат ўйин ҳақида ўйлашмаётганди.