Жаҳон | 08:35 / 01.12.2022
10349
2 дақиқада ўқилади

Таниқли адвокат Иля Новиков Россияда қидирувга берилди

Россия Ички ишлар вазирлиги 25 ноябрь куни «хорижий агент» деб тан олинган адвокат Иля Новиковни Жиноят кодексининг моддаси бўйича қидирувга берди. Новиков судда Надежда Савченкони ҳимоя қилган. Ҳозир адвокат Киевда яшайди.

Фото: Ирина Бужор, Коммерсантъ

Россия Ички ишлар вазирлиги адвокат Иля Новиковни қидирувга берди. 30 ноябрь куни вазирликнинг қидирув базасида унинг маълумотлари акс этган карта пайдо бўлган. Ички ишлар вазирлиги материалларидан маълум бўлишича, Новиков Россия Федерацияси Жиноят кодексининг моддаси бўйича қидирувга берилган, аммо аниқ қайси модда экани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Иля Новиков судда асирга олинган украиналик учувчи Надежда Савченко ва чечен ҳуқуқ ҳимоячиси Аюб Титиевни ҳимоя қилган. Касбий фаолиятидан ташқари Новиков «Нима? Қаерда? Қачон?» телеклубининг собиқ ўйинчиси, Олмос бойўғли ва иккита Биллур бойқуш соҳиби сифатида ҳам танилган.

Ҳозир адвокат Киевда яшайди. Иля Новиков ўзининг қидирувга берилгани ҳақидаги маълумотга Facebook'даги қисқа пости билан муносабат билдирди.

25 ноябрь куни Россия Адлия вазирлиги Иля Новиковни жисмоний шахс - «хорижий агент» деб эълон қилгани маълум бўлди. Шу билан бирга, худди шундай мақом Екатеринбургнинг собиқ мэри Евгений Ройзман, «Дожд» телеканалининг ижодий продюсери Анна Монгайт ва бир қанча россиялик мухолифат фаолларига ҳам берилди. Уларнинг барчаси, Россия Адлия вазирлигига кўра, Украинадан молиялаштириладиган «сиёсий фаолият билан шуғулланади».

Сентябрь ойида Новиков DW нашрига интервью берди, унда у Россияда эълон қилинган сафарбарликни «Кальмар ўйини» билан таққослади. «Россия ҳукумати ўз қонунларига қанчалик боғлиқлигини бўрттириб кўрсатишнинг ҳожати йўқ, - деди у. - Гап шундаки, у нафақат уларни исталган вақтда ўзгартириши мумкин, балки уларни бузишдан ҳам тортинмайди».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид