11:53 / 03.12.2022
4793

Исроил Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштиришда иштирок этишни бошлайди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро тараққиёт ҳамкорлик агентлиги (МАШАВ) билан англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

МАШАВ Исроил тараққиёт ва гуманитар ёрдам соҳасидаги ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади.

Ҳужжат тажриба ва билим алмашиш ҳамда Исроил молиявий ёрдами билан Ўзбекистон кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва томонларни қизиқтирган бошқа масалаларда икки томонлама ҳамкорлик механизмини яратишни назарда тутади. 

Тадбир давомида икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ва Исроил ишбилармон доиралари ҳамкорликдаги янги йўналишларни белгилаши мақсадида улар Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш, Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштиришда Исроил компаниялари фаол иштирокини аниқлаш бўйича келишувларга эришилди.

Top