11:20 / 12.12.2022
7365

“Жиззах ҲЭТК” АЖ вилоятдаги масжидлардан ноқонуний тарзда ортиқча пул ундириб келгани аниқланди

“Жиззах ҲЭТК” АЖ уч йилда вилоятдаги масжидлардан 58 млн сўмдан ошиқроқ маблағни ноқонуний тарзда олган.

Антимонопол қўмитаси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан “Жиззах вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг 2019-2021 йилларда истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси бўйича тарифларнинг тўғри қўллангани юзасидан ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш жараёнида “Жиззах ҲЭТК” АЖ томонидан вилоятдаги диний ташкилотларга, шу жумладан, масжидларга 2019-2021 йилларда электр энергияси учун белгиланган тарифлар нотўғри қўллангани ва 58 миллион 289,3 минг сўм ортиқча маблағ олингани  аниқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишлари ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги 364-сон қарори ва 2003 йил 10 сентябрдаги 525-Ф-сонли фармойишида Ўзбекистон ҳудудидаги диний ташкилотларга 2003 йилнинг 1 сентябридан бошлаб уларга кўрсатиладиган коммунал хизматларга тўловлар аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича тўланиши қайд этилган.

“Жиззах ҲЭТК” АЖ эса юқоридаги қарор ва фармойиш талабларини бузган ҳолда масжидлардан ошиқча пул ундириб келган.

Қайд этилишича, “Жиззах ҲЭТК” АЖ томонидан нотўғри ҳисобланган 58 млн 289,3 минг сўм масжидларга қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Top