DW хабарига кўра, Британиянинг The Guardian газетаси 2 октябр куни сўнгги кунларда Киевга ҳужумлар кўпайгани сабабли дипломатик ваколатхоналарни бошқа жойга кўчириш режалари тайёрланаётганини ёзган.
«Россия Киевни музлатиб, уни тош даврига қайтаришни режалаштирмоқда. Вазият, шубҳасиз, тез ёмонлашяпти», — деган нашр суҳбатлашган дипломатлардан бири.
Хабарда гап элчихоналар аллақачон кўчирилгани ҳақида эмас, эҳтимолий кўчишга тайёргарлик ҳақида бормоқда.
Дипломатлар нега Киевда қолишни муҳим деб ҳисобламоқда?
The Guardianʼнинг ёзишича, Ғарб дипломатлари оммавий баёнотларида Киевда ишлашни давом эттириш ниятини таъкидламоқда.
Улар элчихоналарнинг пойтахтни тарк этиши Москва учун тарғибот ғалабасига айланиши ва Украина «ўз ҳолига ташлаб қўйилгани» ҳақида таассурот уйғотишидан хавотирда.
Шу сабабли дипломатик ваколатхоналар хавфсизлиги масаласи Украинага сиёсий қўллаб-қувватлашни намойиш этиш зарурати билан бирга кўриб чиқилмоқда.
Зеленский: мақсад аҳолини шаҳарлардан кетишга мажбурлаш
Хабарда қайд этилишича, сентябрдан Россия қўшинлари Киевга дрон ва ракеталар билан ҳужумларни кучайтирган. Зарбалар мактаблар, шифохоналар ва маълумотларни қайта ишлаш марказларига ҳам теккан.
Украина президенти Володимир Зеленский Financial Timesʼга берган интервюсида Кремл ҳаво ҳужумлари орқали тинч аҳолини қўрқитиш, одамларни шаҳарлардан кетишга мажбурлаш ва мамлакатнинг урушни давом эттириш имкониятларини заифлаштиришни кўзлаётганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, асосий нишонлар Киев, Харкив ва Одесса ҳисобланади.
Разведка маълумотларидан хабардор Украина ва Европа хавфсизлик идоралари вакиллари Россия режаларида Лвив ҳам борлигини билдирган. Полша чегараси яқинидаги бу шаҳар муҳим логистика маркази саналади.
Қишда электр, иссиқлик ва сув таъминотига таҳдид
The New York Times 2 октябрда Киев Россиянинг Украинанинг йирик шаҳарларини қишда электр энергияси, иссиқлик ва сув таъминотидан узишга оид режаларини қўлга киритгани ҳақида хабар берган.








