Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин тизимли ислоҳотлар йўлидан бормагани учун, 5-6 миллион кишиси меҳнат мигрантига айланди. Чунки айнан тизимли ислоҳотлар ишчи ўринларини юзага келтиради, буйруқ ёки топшириқлар эмас. Ўзбекистон эса аслида ишчи юборувчи эмас, аксинча, ишчи жалб қилиш потенциалига эга бўлган мамлакат.

Меҳнат миграцияси бизда икки йўналишга бўлинди. Бир йўналиш бу – малакасиз ишсизлар ривожланаётган мамлакатга йўл олди ва улар учун арзон ишчи кучи вазифасини ўтади. Бу билан улар ўзга мамлакатларни ривожлантирди. Ўзбекистонда эса бутунбошли соҳалар таназзулга учради. Иккинчи йўналиш – малакали, қимматли кадрлар ривожланган мамлакатларга кетди ва ўша мамлакатларни кадрлар билан бойитди. Ўзбекистон эса деярли кадрларсиз қолди. Зеро, яхши кадрлар ислоҳ қилинмаган мамлакатларда қолмайди, вой десангиз ҳам, дод десангиз ҳам шу.

Россияга миллионлаб малакасиз ишчилар қандай кетганини, кетаётганини, улар у ерда аксар руҳан тушкун аҳволда ишлаб келаётганини яхши биламиз. Бу ҳақида кўп гапирдик. Аммо бир пайт келиб, яна бир йўналиш пайдо бўлди, бу – Жанубий Кореяга ишчи жўнатиш. Бу соҳа давлат идорасига юкланди ва одатдагидек, каттакон коррупцион схемага айланди: Жанубий Кореяга бориш учун содда одамлар қандайдир “ёрдам берувчилар”га пул бериб келишди. Ва уларга бериладиган пул миқдори ошиб бораверди.

Ҳеч кимга сир эмасди – бу пуллар Тошкентга қараб йўл оларди. Зеро, айнан пул берганлар Кореяга кетиш имконини қўлга киритарди.

Янги давр келди, бу соҳани ислоҳ қилишга киришилди. Нималардир қилинди, аммо содда одамлар ҳамон Жанубий Кореяга ишга кетиш учун пул беришяпди. Ҳозирда бу норасмий рақам 15 минг долларни ташкил қилади. Бунча пули бўлмаганлар-чи? Улар “ёрдамчилар”нинг ҳисобидан кетади ва Жанубий Кореяга бориб олгандан кейин уларга 25 минг долларгача ишлаб бериши керак бўлади.

Энди вазиятга тепадан қараймиз-да, ўйлаб кўрамиз: ўзи ночор, ишсиз, ишлаб оиласини таъминлашни ният қилган одамлар нега ишлашга бориш учун бунча пул тўлашга мажбур бўляпди? Ва яна ўша табиий савол: бу пуллар кимларнинг чўнтагига етиб боряпди?

Биз Жанубий Корея бизнеси ҳақида ҳали гаплашамиз, ҳозир эса Жанубий Кореядан ташқари, Японияга ишчи юбориш соҳасини ҳам кимдир ўз қўлига олаётгани аломатлари ҳақида гаплашамиз.

Япония йўналишида ҳам коррупцион тизим ташкиллаштирмоқчи бўлишаётгани ҳақида гапиришдан олдин, 2020 йилда Ўзбекистондан Япония ишга кетиш, жўнатилиш механизми қандай ташкиллаштирилганига эътибор қаратамиз.