Қозоғистонга Россия ва Ўзбекистон билан «учтомонлама газ иттифоқи» ташкил этиш бўйича расмий таклиф келиб тушмади, деди Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов. Унинг аниқлик киритишича, ҳозир Қозоғистон Россия билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб бормоқда. 

«Айни пайтда биз «учтомонлама газ иттифоқи»ни ташкил этиш бўйича расмий таклифларни олмадик. Қачон олсак, шунда кўриб чиқамиз», деб Смаилов сўзларини келтирди ТАСС

Унинг таъкидлашича, яқин орада «Газпром» билан яна бир музокаралар режалаштирилган. «Бу муносабатларнинг барчаси тижорат ва ўзаро манфаатли асосда қурилади», деди Қозоғистон бош вазири. 

«Учтомонлама газ иттифоқини» ташкил этиш масаласи 2022 йил ноябрида Россия ва Қозоғистон президентлари Владимир Путин ва Қосим-Жўмарт Тўқаев ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган эди. 8 декабр куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат газни тижорат шартномалари асосида импорт қилишни режалаштираётганини, бунинг учун «қандайдир альянс ёки иттифоқда» иштирок этиш шарт эмаслигини айтди.