“Enter Engineering” компанияси Бухоро шаҳри марказида туризм марказини қуради. Бу ҳақда 2022 йил 26 декабрда бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилиш баёнида сўз боради.

Kun.uz ихтиёридаги ҳужжат нусхасидан маълум бўлишича, Бухоро туризм маркази қурилиши инвесторнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунинг учун шаҳардаги Иброҳим Мўминов, Ҳамза ва Хофиз Тониш кўчалари кесишмасида жойлашган ҳудуддан 32,6 гектар ер майдони ажратилади.

Фото: "Подслушано в Бухаре" Telegram-канали

Танланган ҳудуддаги 29та давлат ташкилоти ҳамда хусусий мулкдорларга тегишли бино ва иншоотлар белгиланган тартибда, инвестор билан келишув асосида, бошқа ҳудудга кўчирилади. Яъни ҳудуддаги қайси бино-иншоот жойлашган ер инвесторга маъқул бўлса, ўша ердаги бинолар бузилиши мумкин. Бузиш харажатлари – солиқ тўловчилар ҳисобидан.

Ҳукумат раиси мажлисининг баёнида нафақат туризм маркази, балки маъмурий марказ қуриш ҳақида ҳам сўз боради.

Унга кўра, Бухоро вилоятининг янги маъмурий марказини жойлаштириш учун Бухоро шаҳридаги “Гулчорбоғ” ва “Отбозор” МФЙлар ҳудудида танланган 1000 гектар, шундан биринчи босқичда 100 гектар ер майдонида янги маъмурий марказ, хизмат кўрсатиш объектлари, кўп қаватли тураржойлар, кўнгилочар масканлар ва сайилгоҳлар барпо этилади.

Kun.uz суҳбатлашган бухороликлар кенг қамровли кўчириш ва бузишлар вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюросига ҳам тааллуқли бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Шунингдек, 10 минг ўринли Бухоро тиббиёт институти ОТМнинг ўз филиалига кўчирилиши айтилмоқда. “Қандай қилиб 800 ўринли филиалга 10 мингта талабани сиғдиришади, ҳайронман”, – деди маҳаллий журналистлардан бири.

Бухоро марказий стадиони бузилади, ўрнига мажмуа тушади

Фото: Bukhara News

Янги маъмурий марказ ва туризм шаҳарчаси қурилиши доирасида марказий стадион бузиб ташланиши мумкин. Унинг ўрнига мажмуа қурилиши кўзда тутилган. Таъкидлаш лозим, марказий стадион яқинда таъмирдан чиқарилган бўлиб, бунга катта пул сарфланган. Унгача маҳаллий футбол клуби бир неча йил давомида уй ўйинларини ўз стадионида ўтказа олмаётган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Бухородан сайланган депутат Умида Раҳмонованинг сўзларига кўра, аренада 20 дан ортиқ спорт турлари бўйича тўгараклар жойлашган бўлиб, ундан ҳар куни минглаб аҳоли, хусусан кексалар ва болалар фойдаланади. “Ҳаммага қадрдон бўлган жойда саёҳатчи ва айрим ажнабийлар учун шаҳарча қуришмоқчи. Маҳаллий аҳоли-чи? Афсуски, шаҳарда аҳолини соғломлаштириш ва югуриш йўлакчалари ҳали етарли эмас”, дея