Ҳукуматнинг дастлабки режаларига кўра, Бухоро шаҳри марказидаги 29 та объект бузилиб, 32,6 гектар ҳудудда туристик мажмуа қурилиши керак эди. Бухороликлар бундан норозилигини билдирди, ОАВ ва жамоатчилик муаммога эътибор қаратди.
14 январ куни қурилиш вазири Ботир Зокиров ва вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухорода матбуот анжумани ўтказди. Kun.uz мухбири анжуманда иштирок этиб, масъуллар ва аҳоли томонидан билдирилган фикрларни, муҳим саволларга жавобларни жамлади.
Даставвал Бухоро вилояти ҳокими марказдаги «снос» масаласига изоҳ берди, режага кўра бузиладиган объектларнинг 11 таси тадбиркорларнинг мулки ҳисобланишини айтди.
«Бу ерда 11 та объект хусусий тадбиркорларнинг бинолари давлат манфаатлари учун олинади, рози бўлса. Агар рози бўлмаса биз таклиф берамиз. Қанақадир олдинги объектларга ўхшаб оддий фуқароларга зарар етмайди. Ҳокимиятчи дерсиз, менга бунча катта ҳокимият керак. Бунақа жойларни кўпайтирсак, турист кўпаяди», – деди у.
Шундан кейин қурилиш вазири Ботир Зокиров Бухоронинг тарихий маркази ичида супермаркет ва машиналар тураргоҳлари қуриб бўлмаслиги, шунинг учун бундай жойларни Бухоронинг янги туристик марказида қуриш кераклигини айтди.
Вазир ЮНЕСКО билан келишмасдан битта ҳам «мих қоқилмаслиги»ни айтди. Унинг таъкидлашича, лойиҳа таклифи ишлаб чиқилиб, феврал ойида аҳоли муҳокамасига чиқарилади.
Аввалроқ Kun.uz сайтида ЮНЕСКО Бухоро туризм марказини қуриш учун танланган жой Бухоро тарихий марказининг буфер зонасида жойлашгани, шу сабабли лойиҳани қўллаб-қувватламагани ҳақида ёзилган эди.
Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сара Ношади бу лойиҳани Бухоро тарихий марказининг муҳофаза зонасидан 1,8 км узоқликдаги, «Гулчорбоғ» МФЙ Қалқон кўчаси ёқасидаги ер майдонида қуриш мақсадга мувофиқлигини таклиф қилган.
















