Kun.uz олдинроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Хисорак Бешёғоч” МЧЖ ўртасидаги ишни ёритганди. 12 йиллик “тарих”га эга мазкур иш ҳокимликнинг 2011 йил 29 июндаги 373-сонли қарори билан Чилонзор туманида жойлашган, “Хисорак Бешёғоч” МЧЖга тегишли 6699 м² бино-иншоотлар салкам 3 гектар ер майдони билан давлат эҳтиёжлари учун олинганидан бошланган. Орадан шунча вақт ўтишига қарамай, ҳокимлик томонидан “Хисорак Бешёғоч” МЧЖга компенсация берилмаган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 3 февралдаги ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан мулкдор фойдасига 88 млрд 566 млн сўм компенсация ундириш белгиланган. Мазкур иш 2022 йил 14 март куни аппеляция инстанцияси судида, 21 сентябрь куни эса кассация шикояти асосида Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўрилиб, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
2022 йил 4 апрел куни МИБ томонидан ижро иши қўзғатилган. Ижро иши республика МИБ Марказий аппарати иш юритувида. Аммо МИБнинг мазкур ишга муносабати деярли нолга тенг.
Мазкур масалада тадбиркор Акбар Сулаймонов Kun.uz’га интервью берди. Тадбиркорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарздорликни қоплаб бермаётганлиги президент қарори билан Сирдарё туманида амалга оширилаётган бошқа йирик лойиҳага таъсир қилмоқда.
“2011 йилда Бешёғочда жойлашган салқин ичимликлар қуйиш заводимиз Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан бузилган. Қарорда кўрсатилган компенсация масаласи то бугунги кунгача ҳал қилинмади. Бу масала кўп маротаба кўтарилган, судларда кўрилган. Лекин суд қарори билан белгилаб берилган 88,5 млрд сўмлик компенсация пуллари тўлаб берилмаяпти. Бу ўз навбатида бизга президент қарорида кўрсатилган бошқа бир лойиҳани амалга оширишда қийинчилик туғдиряпти.
Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги қарори билан Сирдарё вилояти Сирдарё туманида шиша идишлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш тасдиқланган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш бизга юклатилган. Йилига 201 млн дона шиша идиш ишлаб чиқариладиган ушбу завод Ўзбекистон учун жуда муҳим ҳисобланади. Завод дастур бўйича 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган. Ҳозирда Хитойдан технологияларни келтириш жараёни бошланган. Лекин бу ердаги қурилиш-монтаж ишлари қийинчилик туғдиряпти. Бу ишларни ўз вақтида якунлаш учун 80 млрд сўм атрофида маблағ талаб қилинмоқда. Агар Тошкент шаҳар ҳокимлиги бизга тегишли бўлган 88,5 млрд сўмлик компенсация пулини қоплаб берса, бу маблағ тўлиқ мазкур лойиҳага йўналтирилади









