Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалардан бирида дераза панжараларини демонтаж қилиш ишлари тўхтатилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.

«Вазият пойтахт ҳокимлиги назоратида: содир бўлган ҳолат сабаблари ҳамда мазкур қарорга масъул шахслар аниқланмоқда, хатти-ҳаракатларга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ўзбошимчалик аломатлари бўйича ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Текширув натижаларига кўра, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги томонидан тегишли чоралар кўрилади, шунингдек, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун зарур амалий қадамлар белгиланади», дейилади хабарда.

Шу билан бирга демонтаж ишлари қайси ташкилот томонидан олиб борилгани ҳақида маълумот берилмади. Шунингдек, аллақачон демонтаж қилинган панжараларнинг тақдири нима бўлиши ҳам номаълум.

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги бундай ноқонуний ҳаракатларга мутлақо қарши бўлиб, уларнинг ташаббускори эмас», дейилади хабарда.