Халқаро ёввойи табиат фондининг 2022 йилги ҳисоботига кўра, сўнгги 50 йилда ёввойи табиат дунёси 69 фоизга қисқарган. “Биз табиатга суицид жангида мағлубиятга учраяпмиз”, деган эди БМТ бош котиби Антонио Гуттериш вазиятни изоҳлаб.
69 фоизлик қисқариш нафақат табиат, ёввойи олам, балки инсоният, унинг барқарор турмушига ҳам турли хавфлар пайдо бўлганини англатади. Инсон табиат билан чамбарчас боғлиқ яшайди, биохилмахиллик эса бунда жуда аҳамиятли. Ҳисоботга кўра, Лотин Америкаси ёввойи табиат дунёсида глобал миқёсдаги энг кўп қисқариш кузатилган.
Табиат ҳалокати нега бунчалик хавфли?
Табиатни асрашнинг фойдалари кўп. Асраб қололмаслик ортидан келадиган хавфларни инкор қилиб бўлмайди. Табиатдаги йўқотишлар сабаб халқаро ЯИМнинг 50 фоизи хавф остида, табиий экотизимга мавжуд хавфлар сабаб келажакда пандемия каби турли ижтимоий-иқтисодий шоклар кўпайиши мумкин.
Иқтисодий тарафидан ташқари биохилмахилликка хавфнинг тиббиёт тизими учун таҳдидлари ҳам етарлича. Сабаби тиббиёт тизимида ишлатиладиган дориларнинг 25 фоизи ўрмон ўсимликларидан олинади.
Инсоният ҳаракатлари туфайли Ер юзасининг учдан икки қисми ўзгариб кетган. БМТ маълумотларига кўра, миллионга яқин ўсимлик ва ҳайвон турлари йўқ бўлиб кетиш арафасида.
Тадқиқотлар XXI асрнинг иккинчи ярмида иқлим ўзгариши биохилмахилликка салбий таъсир этувчи асосий сабаб бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат ошиши ва ёғингарчиликдаги ўзгаришлар дарахтлар камайишини ва қишлоқ хўжалиги учун ёмон оқибатларни олиб келаверади.
Кембриж университети ҳисоботига кўра, биологик хилмахиллик йўқолиши давлатлар иқтисодий харажатларини ҳам кўпайтиради. Университет биохилмахилликка оид кредит рейтингини тузиб чиқди. Унга кўра, экологик муаммолар қарздорликлар ошишига ҳам сабаб бўлади. Масалан, тупроқни қайта тиклаш ва сув тошқинларининг олдини олишга ёрдам берувчи ўсимликлар бор. Бундай ўсимликлар барқарор ўсиши учун уларни чанглатиш керак. Табиий “хизмат кўрсатувчи” асалари турларининг йўқолиб бораётгани эса катта иқтисодий харажатларни келтириб чиқариши мумкин.
“Биологик хилмахиллик билан боғлиқ хавфлар иқтисодий фаолият ва давлат молияси учун жиддий хатар ҳисобланади. Табиий яшаш муҳитини муҳофаза қилиш нафақат табиат учун, балки макроиқтисодий барқарорликни сақлаш учун ҳам жуда муҳим”, — дейди ҳисобот ҳаммуаллифларидан бири, профессор Улрих Волз.










