Тажриба Буюк Британиянинг Бодҳэм ҳудудидаги икки гектарлик ер майдонида ўтказилган. Ер Лондон университет коллежи профессори Карл Сейер оиласига тегишли бўлган.
2005 йилда ҳосил йиғиб олингач, оғир гилли тупроқ ва табиий дренаж билан боғлиқ муаммолар сабаб майдонга бошқа экин экмасликка қарор қилинган.
Профессионал агрономлар олимларга ўтлоқ гулларининг қимматбаҳо тижорий уруғ аралашмаларини сотиб олиб сепишни тавсия қилган. Бироқ Сейер бу йўлдан воз кечиб, экотизим инсоннинг фаол аралашувисиз қай даражада ўзини тиклай олишини синаб кўришга қарор қилган.
Майдонда инсон томонидан амалга оширилган асосий тадбир анъанавий кузги ўрим бўлган. Тажриба натижалари Restoration Ecology илмий журналида эълон қилинган тадқиқотда баён этилган.
Олимлар 2011 йилдан 2022 йилгача майдондаги ўзгаришларни мунтазам кузатган. Биологлар ҳар икки-уч йилда бир хил участкаларда ўсадиган барча ўсимлик турларини қайд этиб борган.
Натижада ҳар бир кузатув участкасидаги ўсимлик турларининг ўртача сони икки бараварга — 10 тадан 20 тагача кўпайган.
Аввал қишлоқ хўжалиги учун ишлатилган ва ҳолдан тойган ер вақт ўтиши билан табиий равишда турли ўт ва гулларга бой ўтлоққа айланган.
Энг қизиғи, майдонда соғлом экотизимнинг белгиси ҳисобланадиган бир қатор камёб ўсимликлар ҳам пайдо бўлган. Улар орасида ботқоқ орхидеяси, қиёқ, кичик погремок каби турлар қайд этилган.
Тадқиқот муаллифларининг тахминича, камёб ўсимликлар уруғлари далага табиий йўл билан етиб келган. Уларни ёввойи ҳайвонлар жуни ва туёқларида олиб келган бўлиши мумкин. Хусусан, майдонга буғулар мунтазам кириб турган.
Шунингдек, уруғларнинг тарқалишида қушлар ва шамол ҳам муҳим рол ўйнаган бўлиши мумкин.
Ҳозир мазкур далада ҳар йили минглаб орхидеялар гуллайди. Илгари оддий қишлоқ хўжалиги майдони бўлган ҳудуд шу тариқа маҳаллий диққатга сазовор жойлардан бирига айланган.
Профессор Карл Сейернинг айтишича, бу ўтлоқ бўйлаб сайр қилиш гўёки ўтмишга саёҳат қилишдек таассурот уйғотади. Олимлар далада табиий равишда ўсиб чиққан дастлабки орхидеяларни кўрганда натижадан ниҳоятда ҳайратланган.
Тадқиқот муаллифлари ушбу тажриба табиий ўтлоқларни тиклашда доимо қиммат ва мураккаб чоралар талаб этилмаслигини кўрсатишини таъкидлаган. Айрим шароитларда табиатга етарли вақт бериш ва минимал бошқарувнинг ўзи ҳам сезиларли натижа бериши мумкин.









