Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Миллий кутубхона ортидаги майдонда автотураргоҳ қурилиши режалаштирилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдириб, ҳозирча экологик экспертиза хулосаси мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Баёнотда ҳудуддаги ҳар қандай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, жумладан, дарахт ва буталар, яшил майдонлар ҳамда тупроқ қопламига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлар тегишли экологик баҳолашдан ўтказилмасдан амалга оширилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
Лойиҳа доирасида 1 мингдан ортиқ дарахт ва бута экиш режалаштирилган. Бироқ қўмитага кўра, янги кўчатлар мавжуд кўп йиллик дарахтлар ва шаклланган яшил ҳудудларнинг экологик, иқлимий ҳамда рекреацион аҳамиятининг ўрнини тўлиқ боса олмайди.
Қўмита ҳудуддаги мавжуд яшил майдон ва дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш, уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказиш зарурлигини билдирди.
Автотураргоҳ лойиҳаси ҳақида
Тошкент шаҳри ҳокимлиги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортидаги 1,3 гектар майдонни автотураргоҳ ташкил этиш учун аукционга чиқармоқчи.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, ҳудуддан 10 йил фойдаланиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган. Мавжуд дарахтлар сақланиб, 1 мингдан ортиқ дарахт ва бута экиш ҳамда 720 метрлик пиёдалар йўлагини барпо этиш режалаштирилган.
Жамоатчилик бу лойиҳани кескин норозилик билан қарши олди.
Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси ҳам Тошкентдаги айрим яшил ҳудудларда автотураргоҳ қурилиши юзасидан муносабат билдириб, шаҳар марказидаги яшил ҳудудларни камайтириш ва жамоат жойларида конструктив қурилишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслигини қайд этди.
Шунингдек, автотураргоҳларни ташкил этишда кўкаламзор майдонларнинг қисқариши ҳамда пиёдалар учун яратилган шароитларнинг ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги кераклиги таъкидланган.

















