Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Жуда кучли ҳаяжон босди” – президент саволига жавоб беришда адашган ҳоким ёрдамчиси
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижон туманидаги “Садда таги” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Абдулҳафиз Абдуманнопов билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида ҳоким ёрдамчиси ҳудуддаги ишсизлар сонини айтаётганда адашиб кетган. Бу эса ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz мухбири мазкур маҳаллада бўлиб, ҳоким ёрдамчиси билан суҳбатлашди.
Садда таги маҳалласида 3 615 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ердаги аҳолининг асосий даромади иссиқхонадан. Шунингдек, янги ишга туширилган балиқчилик кластери орқали интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилган.

“Президент олдида жуда кучли ҳаяжон босди. Отам бизни ўқитаман деб ўзи янги костюм киймасдан ўтиб кетган. Давлат раҳбари билан кўришганда ўзимни зўрға босдим: бўғзимга нимадир тиқилди. Шунгами, рақамларни айтишда хатога йўл қўйдим. Ҳақиқатда бугунги кун ҳолатига маҳаллада 25 нафар ишсиз бор холос. Видеода ҳам шундай деганман. Фақат рақамларни айтаётганда 106 нафар фуқарога имтиёзли кредит берилганини айтиш ёдимдан чиқиб қолган. Шунда ҳаммаси тўғри бўларди”, – дейди ҳоким ёрдамчиси.



Маҳаллада янги тикув цехи ҳам иш бошлаган. Бу ерда 2 000 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш режалаштириляпти. Бундан ташқари, асаларичилик, гулчилик билан шуғулланаётган, иссиқхонанинг ортидан яхшигина даромад топаётган хонадонлар ҳам бор.

“Иссиқхонада гул кўчати етиштиришни йўлга қўйдик. Қува туманидан 45 минг туп гул қаламчасини олиб келиб ўтқаздим. Февралда уларни сотишни бошлайман. 150 миллион сўм атрофида даромад олишни режа қилиб турибмиз. Ушбу маблағга турмуш ўртоғим билан Умра сафарига бормоқчимиз”, – дейди Арофатхон Қурбонова.

Абдулҳафиз Абдуманнопов ҳоким ёрдамчиси сифатида Садда таги маҳалласида иш бошлаганига 1 йил бўлди. У тез орада қолган 25 нафар ишсизнинг ҳам бандлигини таъминлаш ҳақида президентга ҳисобот берган.
Абдували Қурбонов,
Жаҳонгир Турғунов.