Жаҳон | 00:05 / 11.02.2023
15258
3 дақиқада ўқилади

Туркия ва Суриядаги зилзилани сиёсийлаштирмаслик керак - БМТ

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш зилзиладан жабрланган Сурия халқига ёрдам бериш учун сиёсий низоларни унутишга чақирди.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антониу Гутерриш Arab News каналига берган интервюсида, Туркия ва Сурияда юз берган фожиа ҳақида «жабрланган одамларни қўллаб-қувватлаш учун барчамиз бирлашишимиз керак бўлган бир лаҳзадир», деди ва сиёсий келишмовчиликларни четга суриб қўйишга чақирди.

«Туркия – дунёдаги кўплаб қочқинлар ватани. У суриялик қўшниларига мисли кўрилмаган сахийлик қилган. Дарҳақиқат, 3,6 миллион суриялик Туркияда ўн йилдан ортиқ вақтдан бери истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги ҳозир зилзила қурбонига айланди», деди бош котиб.

Гутерриш БМТ гуманитар карвони Сурия шимоли-ғарбида чегарани кесиб ўтган куни нутқ сўзлади ва ёрдам операциясининг секин суръатидан хавотир билдирди.

Унинг сўзларига кўра, карвонда бошпана материаллари ва бошқа «муҳим зарур нарсаларни» олиб кетаётган олтита юк машинаси бор, бироқ бу исёнчилар назорати остидаги ҳудудда зарур бўлган ёрдамнинг кичик бир қисми эканлигини қўшимча қилди.

«Ёрдам йўлда, лекин бундан ҳам кўпроқ нарса керак», деди Гутерриш.

Сурия ҳукумати барча халқаро ёрдамлар Дамашқ орқали «трансчегаравий операциялар» деб номланувчи тизим ёрдамида ўтишини истамоқда. Бу дегани, инсонпарварлик ёрдами олдин пойтахтдаги расмийларга етказилади, сўнгра улар зарур бўлган жойга, жумладан, мамлакатнинг исёнчилар назоратидаги ҳудудларига ҳам тарқатилади. Сурия ҳукумати Дамашқни четлаб ўтган ҳолда, зарар кўрган ҳудудларга тўғридан-тўғри етказилаётган «трансчегаравий» гуманитар ёрдамга қарши чиқмоқда.

Бироқ, ўз навбатида, Ғарб расмийлари ва гуманитар ташкилотлари Суриянинг расмий ҳукумати билан ҳар қандай алоқадан ўзини четга олмоқда. Жумладан, ЕИ ва АҚШ Сурия халқига ёрдам жўнатишга тайёрлигини тасдиқлади, аммо Асад режими билан муносабатларни ҳар қандай шаклда нормаллаштиришга қарши эканлигини яна бир бор маълум қилди.

Гутерриш ёрдамнинг ҳар қандай усули жуда муҳимлигини таъкидламоқда.

«Биз қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз керак. Биз ёрдамнинг барча шаклларини фаоллаштиришимиз керак. Ва мен бу масалани сиёсийлаштирмасликка чақираман», деди у.

Шунингдек, у Сурияга қарши «ҳар қандай турдаги» халқаро санкцияларни бекор қилишга чақирди.

«Айни пайтда ҳар бир киши ҳеч қандай санкциялар Сурия халқига ёрдам кўрсатишга халақит бермаслигини очиқ айтиши керак», деди Гутерриш.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид