Президент матбуот хизматига кўра, Шавкат Мирзиёев 29 октябр куни Анқарада Evyap Holding компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Ўмер Эвяпни қабул қилди.

Мулоқотда компаниянинг шахсий гигиена ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибаси асосида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Туркия томони истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Ўмер Эвяп Ўзбекистонда турк компаниялари учун яратилаётган қулай шароитлар ва тақдим этилаётган имтиёзлар туфайли уларнинг сони йил сайин ортиб бораётганини қайд этди.

Учрашувда OSTIM Global Ўзбекистон–Туркия саноат зонасида йўлга қўйилаётган лойиҳани тезлаштириш ҳамда унга зарур хомашёни маҳаллийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.