Душанба куни кечқурун Туркия жанубида рўй берган яна икки ер силкиниши оқибатида олти киши ҳалок бўлган ва қарийб 300 киши тан жароҳати олган. 

Мамлакат ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу жабрланган ҳудудлар аҳолисини аввалги зилзилалардан шикастланган биноларга қайтиб кирмасликка чақирган.

Туркия жанубида, феврал ойи бошида кучли зилзилалар рўй берган ҳудудда душанба куни навбатдаги ер силкинишлари кузатилди. Иккита янги зилзила кучи 6,4 ва 5,8 баллни ташкил этган.

Туркия фавқулодда вазиятлар агентлиги биринчи зилзила маҳаллий вақт билан соат 20:04 да (Тошкент вақти билан соат 22:04) қайд этилгани, кўп ўтмай иккинчи марта ер қимирлаганини маълум қилган.

Зилзила эпимаркази Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Самандаг шаҳри яқинида жойлашган. Ер силкинишлари Туркиянинг қўшни вилоятлари, Сурия шимоли, Миср ва Ливанда ҳам сезилган.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, мамлакатда бу сафарги зилзила қурбонлари сони камида олти нафарни ташкил этмоқда, 294 киши тан жароҳати олган. 

Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжанинг маълумотига кўра, яраланганларнинг 18 нафари оғир аҳволда ва улар Адана ва Дёртйўл шаҳарларидаги шифохоналарга жойлаштирилган.

Сойлунинг сўзларига кўра, Антакя, Самандаг ва Дафна шаҳарларида қурбонларнинг жасадлари аниқланган.

Туркия аҳолиси янги зилзилалардан кейин. Фото: REUTERS

Қўшни Сурияда янги зилзиладан кейинги қурбонлар ва жароҳатланганлар сони очиқланмаган. Сурия инсон ҳуқуқлари маркази (SOHR) маълумотларига кўра, камида 470 киши, ҳукумат назоратидаги ҳудудларда 320 ва исёнчилар назоратидаги шимоли-ғарбий Сурияда 150 киши жабрланган. Ваҳима ва тиқилинч вақтида камида тўрт киши ҳалок бўлгани айтилган.

«Оқ дубулғалилар» инсонпарварлик ташкилоти аввалги зилзила чоғида шикастланган бинолар қулаб тушганини маълум қилди.