18:18 / 24.02.2023
1768
Реклама

Қозоғистон «Halyk Bank» шуъба корхонаси – «Tenge Bank»нинг активлари йил давомида 1 триллион сўмдан ортиқ ёки 90 миллион долларга ўсди

Самарқандда журналистлар иштирокида ўтган учрашувда «Halyk Bank» ва «Tenge Bank» раҳбарияти молия муассасасининг янгиликлари, режалари ва молиявий фаолияти ҳақида маълумот берди.

«Halyk Bank» бошқарув раиси Умут Шаяхметова Ўзбекистон бозори «Halyk group» учун асосий бозор ва хорижий инвесторлар учун жозибадор эканлигини таъкидлади.

«Бу кўринишдаги йиғилишни Ўзбекистонда иккинчи марта ўтказяпмиз. Биринчи учрашув икки йил аввал Тошкентда ўтказилган. Ўшанда биз филлиаллар директорлари ва бош банк департаменти вакиллари билан келгандик. Бу сафар йиллик йиғилишимизни Самарқандда ўтказишга қарор қилдик.

Ўзбекистонни банкимиз ривожланиши учун истиқболли бозор деб биламиз. Бу ердаги банкимиз турли соҳаларни, хусусан, ўрта ва кичик бизнесни, шунингдек, рақамли технологиялар соҳасини молиялаштирмоқда.

Қозоғистон Халқ банки мамлакатдаги энергия секторини фаол молиялаштиради. Масалан, биз Қозоғистондаги нефт ва кўмир қазиб олувчи, яшил энергетика билан шуғулланувчи, энергостанциялар ишлаб чиқарувчи компанияларни молиялаштирамиз. Ўзбекистондаги йирик давлат ташкилотларини ҳам бош банкимиз томонидан молиялаштирамиз, чунки бу ердаги банкимиз унчалик катта эмас.

Шундай экан, бу йўналишдаги корхоналарни молиялаштириш ҳақида ўйлаб кўришимиз мумкин. Фақат бу қандай корхона, капитали қанча экани ва нимага ихтисослашгани эканини ўрганишимиз керак. Биз яшил энергетика йўналишини ҳам қўллаб-қувватлаймиз», деди Умут Шаяхметова.

«Tenge Bank» «Halyk group»нинг халқаро шуъба банкларидан биридир. Ўзбекистондан ташқари, Қирғизистон ва Грузияда ҳам шуъба банклари мавжуд. Ҳозирда гуруҳ нафақат «Tenge Bank»нинг ўз операциялари, балки ўзбек компанияларига тўғридан-тўғри кредит бериш орқали ҳам Ўзбекистонда бизнесни янада ривожлантиришдан манфаатдор ҳисобланади.

«Tenge Bank» бошқаруви раиси Талгат Аюповга кўра, ўтган тўрт йил ичида банк активлари 4,358 триллион сўмга ўсган. Умумий кредит портфели эса 2,474 триллион сўмдан ортиқни ташкил қилган.

«Биз иқтисодиётдаги барча сектор вакиллари билан ишлаймиз. Масалан, савдо, хизматлар соҳаси, қисман қурилиш сектори, ахборот технологиялари ва бошқа йўналишдаги корхоналар билан ишлаб келяпмиз. Кредитлар инвестицион кўринишда ҳам, айланма маблағлар ҳисобидан қоплаш кўринишида ҳам берилади.

23 миллион долларгача бўлган маблағларни бериш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқишимиз мумкин. 500 миллион сўмгача бўлган кичик бизнесга мўлжалланган дастуримиз ҳам бор.

Бизда стандартлаштириш лойиҳаси бўлади ва аризаларни қабул қилишни енгиллаштириш устида ишлаймиз. Яъни, минимал даражада кам ҳужжат сўраш тизимини жорий қилинган. Бу мижозларнинг қимматли вақтини тежайди», деди «Tenge Bank» бошқаруви раиси.

2022 йилда «Tenge Bank» жисмоний шахслар учун «Tenge24» мобил иловасини ишга туширди. Илова ёрдамида пул ўтказмалари, тўловлар, омонат очиш, кредитларни тўлаш каби хизматлардан фойдаланиш мумкин. Келгусида «Теnge24» иловасини янги хизматлар, жумладан, бўлиб-бўлиб тўлаш, бозор ва ГовТеч хизматлари билан тўлдириш режалаштирилган.

Шунингдек, 2022 йил давомида Tenge Business юридик шахслар учун интернет-банкингнинг янгиланган веб-версияси ишга туширилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, «Halyk Bank» Қозоғистондаги энг йирик, аҳамиятга молик банклардан бири бўлиб, «Halyk group» таркибига киради. Кенг мижозлар базаси ва мавжуд тармоққа эга Марказий Осиёдаги етакчи банклардан биридир. «Halyk group» кичик ва ўрта бизнесга банк хизматларининг тўлиқ спектрини, шунингдек суғурта, лизинг, брокерлик ва активларни бошқариш хизматларини таклиф этади.

Қозоғистон «Halyk Bank»нинг шуъба корхонаси ҳисобланган «Tenge Bank» ўз фаолиятини 2019 йил май ойида бошлади ва қисқа вақт ичида Ўзбекистон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллади. Бу факт халқаро экспертлар томонидан тасдиқланган. 2021 йил март ойида Best Bank Awards 2021: Ўзбекистон номинацияси бўйича йиллик танлов натижаларига кўра, Asiamoney халқаро молиявий нашри экспертлари «Tenge Bank»ни «Ўзбекистоннинг энг яхши хорижий банки 2021» номинациясида ғолиб деб топди. Шунингдек, 2022 йилда ҳам Ўзбекистондаги энг яхши халқаро банк сифатида эътироф этилди.

Бир сўз билан айтганда, «Tenge Bank» замонавий банк технологияларидан фойдаланган ҳолда барча тоифадаги корпоратив ва чакана мижозларга универсал молиявий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Top