Жаҳон | 12:12 / 01.03.2023
9967
2 дақиқада ўқилади

ФҚБ COVID келиб чиқиши бўйича ўз тахминини эълон қилди

ФҚБ директорининг сўзларига кўра, бюро узоқ вақтдан бери пандемия Уҳандаги лаборатория ҳодисасидан келиб чиққан деб ҳисоблаб келади.

Кристофер Рэй / Фото: Getty Images

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси (ФҚБ) «анча вақтдан бери» коронавирус пандемиясининг сабаби «эҳтимол» Уҳандаги лабораториядан сизиб чиқиш ҳолатига боғлиқ деб ҳисоблайди. Бу ҳақда ФҚБ директори Кристофер Рэй 1 март, чоршанба куни Fox News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«ФҚБ пандемиянинг келиб чиқиши Уҳандаги потенциал лаборатория ҳодисаси билан боғлиқлигини анча вақтдан бери баҳолаб келади», деди у. CNN маълумотларига кўра, бу Рэйнинг ФҚБ коронавируснинг лабораториядан келиб чиққан бўлиши эҳтимолига оид тергови юзасидан биринчи оммавий баёноти.

«Шунчаки шуни таъкидламоқчиманки, Хитой ҳукумати АҚШ ҳукумати ва яқин хорижий ҳамкорларимиз амалга ошираётган ишларга тўсқинлик қилиш ва чалкаштириш учун қўлидан келган барча ишни қиляпти, шекилли. Бу ҳамма учун ачинарли», - дея қўшимча қилди ФҚБ директори.

Рэйнинг баёноти The Wall Street Journal мақоласи чоп этилганидан бир неча кун ўтиб эълон қилинди, унда нашр АҚШ Энергетика вазирлиги ҳисоботига ишора қилган. Вазирлик COVID-19 пандемияси лабораториядан келиб чиққанини билдирган. Энергетика вазирлиги вируснинг лабораториядан сизиб чиққани бўйича версияга амал қилаётган АҚШнинг ФҚБдан кейинги иккинчи федерал идорасига айланди, деб ёзади WSJ. Яна тўртта разведка агентлиги вирус табиий равишда пайдо бўлган деб ҳисоблайди, иккитаси, шу жумладан Марказий разведка бошқармаси ҳали бир қарорга келмаган, деб ёзади газета.

Мавзуга оид