Тошкент шаҳрида нарколаборатория фош этилди. У ерда гиёҳванд модда аралаштирилган ширинликлар ишлаб чиқарилгани аниқланган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Унда 2002 йилда туғилган йигит интернет наркодўконда закладчик сифатида ишлаб келгани аниқланган.
Ушбу наркокурер тезкор тадбир иштирокчилари томонидан Яшнобод туманида тўхтатиб текширилган. Унинг ёнидан 58 дона ўрамда тарқатишга мўлжалланган 74 грамм гашиш мойи топилган. Олиб борилган тезкор суриштирув ишларида у гиёҳвандлик воситаларини доимий равишда 2002 йилда туғилган наркодўкон омборчисидан олиб тургани ойдинлашган.
Шундан сўнг тезкор тадбир Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласида давом эттирилган. Жараёнда наркодўкон омборчиси ижара хонадонида нарколаборатория ташкил этгани аниқланган.
Манзилдан 3,5 кг гашиш мойи, закладка усулида тарқатишга тайёрлаб қўйилган 361 дона ўрамда жами 350 грамм гашиш мойи, 600 грамм гашиш, гашиш мойидан тайёрланган 1,5 кг печене, тўрт дона қадоқда гашиш мойи мармеладлари ҳамда бошқа жиҳоз ва ускуналар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида 19 250 дозага тенг бўлган жами 6 кг гиёҳвандлик воситалари ҳамда нарколабораторияда ишлатиладиган турли буюмлар олиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.












