Жаҳон | 11:36 / 01.03.2023
6217
2 дақиқада ўқилади

Россия суди «Википедия»ни «нотўғри маълумот» учун жаримага тортди

Wikimedia фонди Россия армиясининг Украинадаги ҳаракатлари ҳақидаги мақолаларни олиб ташламаганликда айбдор деб топилди. Аввалроқ, «Википедия» Россия армияси ҳақида «фейк»лар учун 3 миллион рубль жаримага тортилганди.

Фото: point.md

Москванинг Таганский суд округи судьяси Wikimedia фондини онлайн «Википедия» энциклопедиясидан Украинадаги урушда Россия қуролли кучларининг ҳаракатлари ҳақидаги мақолаларни олиб ташламагани учун 2 миллион рубль миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда Москва судлари матбуот хизмати 28 февраль, сешанба куни хабар бериб, ресурс Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 13.41-моддаси 2-қисми бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилганини билдирди.

Хусусан, гап «Википедия»дан 74-гвардия мотоўқчилар бригадаси, 138-алоҳида мотоўқчилар бригадаси, 92-ракета бригадаси ҳақидаги мақолаларни олиб ташламаслик, шунингдек, РФ Қуролли Кучларининг уруш пайтида Харкив, Лисичанск ва Мариуполдаги ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳақида бормоқда.

Бу компанияга ушбу модда бўйича қўлланган тўртинчи жаримадир. Аввалроқ «Википедия» россиялик ҳарбийларнинг Украинадаги ҳаракатлари ҳақидаги «фейк»лари учун 3 миллион рубль, Украинадаги уруш ҳақидаги мақолаларни олиб ташлашдан бош тортгани учун 2 миллион рубль, порох қандай ишлаб чиқарилгани ҳақидаги маълумотларни жойлаштиргани учун 2 миллион рубль миқдорида жаримага тортилган эди.

Мавзуга оид