Ўзбекистон | 21:15 / 10.03.2023
29695
3 дақиқада ўқилади

Президент 800 минг аҳоли учун мўлжалланган Янги Тошкент лойиҳаси билан танишди 

Президент Шавкат Мирзиёев 10 март куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. 

Давлат раҳбарига Янги Тошкент шаҳарчаси лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Унга кўра, биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, истиқболли қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. 

Шаҳарча янги маъмурий ва иқтисодий марказ бўлади. Пойтахтимизнинг шарқий қисмида, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудида барпо этилади. 800 минг аҳолига мўлжалланган бўлади. 

У ерда вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, театр, кутубхона, меҳмонхоналар, турар жой бинолари, боғлар ўрин олади. Хусусан, яшил ҳудудлар 363 гектарни ташкил қилиши кўзда тутилган. 

Шунингдек, президент Самарқанд вилоятида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. 

Қайд қилинишича, бугунги кунда бинолар қуриб битказилиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуа деворлари миллий нақшлар билан сайқалланади, наққошлик ва хаттотлик санъати уйғунлашади. Унинг деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади. 

Президент ташаббуси билан мажмуада Имом Бухорий музейи ҳам ташкил этилиши режалаштирилган. Тадбирда ушбу музейнинг концептуал лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Музей бой маданий қадриятларимизни ўзида жам қилиш баробарида замонавий дизайнга эга бўлади. 8 та павильон, хусусан, Муҳаммад алайҳиссалом ва нубувват тарихи, ҳадис илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти, Имом Бухорий фазилатлари, болалар бўлими, «Ал-жоме ас-саҳиҳ» - Ислом динининг иккинчи манбаси, Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий ислоҳотлар ва Имом Бухорий меросига эътибор каби мавзуларга бўлинади. 

Бундан ташқари, давлат раҳбари Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадаги «Ғишткўприк» божхона пости учун мўлжалланган замонавий мажмуа лойиҳаси билан танишди. Унда янги терминал, автомобил йўллари, автотураргоҳ, ошхона, тиббиёт хонаси, савдо ва маиший хизмат шохобчалари барпо этилиши кўзда тутилмоқда. 

Президент мажмуада йўловчилар учун барча қулайликларни яратиш, божхона назорати ва юкларни ўтказиш жараёнини рақамлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Тақдимотда, шунингдек, мамлакатимизнинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Озарбойжон Республикасидаги элчихоналарининг янги бинолари лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилди. 

Мавзуга оид