Ҳусайн Иброҳим Тоҳанинг айтишича, сўнгги 5 йилда Янги Ўзбекистон мусулмон давлатлари билан алоқаларни сезиларли даражада оширган. Тошкентнинг янги сиёсати сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга, ҳамда Марказий Осиё барқарорлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалаларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон қисқа вақт ичида минтақадаги қўшнилари билан ўзаро тушуниш ва шериклик муҳитини яратишга муваффақ бўлди. Бу Ўзбекистоннинг ислом оламидаги роли ҳамда таъсирини кескин оширди.

ИҲТ бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Ўзбекистон афғон масаласида муҳим рол ўйнашини ва Афғонистонга кўп томонлама гуманитар ҳамда  иқтисодий ёрдам кўрсатиш бўйича турли лойиҳаларни илгари суриш ташаббуси билан чиқаётганини алоҳида таъкидлади. ИҲТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ўзбекистон билан бу давлат бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва қўшма чоралар кўриш тарафдори.

Бош котибга республикада конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум ўтказилиши ҳақида маълумот берилди. Ҳусайн Иброҳим Тоҳа ушбу муҳим сиёсий тадбирда ИҲТ кузатувчилари иштирок этишини тасдиқлади.

Унинг айтишича, тарихий Самарқанд шаҳрини кўриш учун Рамазон ойидан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда.