Бао Фан China Renaissance Holdings молиявий компаниясига асос солган бўлиб, унинг мижозлари рўйхатига Tencent, Alibaba ва Baidu каби интернет гигантлари ҳам киради. Компания Хитойдаги технология соҳасидаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади.

Баонинг кутилмаганда йўқолиб қолиши ҳикояси бошқаларники билан деярли бир хил тарзда ривожланди: дастлаб у ғойиб бўлди, бир неча кундан кейин унинг компанияси у «Хитой Халқ Республикасининг тегишли органлари томонидан олиб борилаётган терговга ёрдам бераётгани»ни маълум қилди.

Бао Фан ғойиб бўлиши билан бозорда унинг компанияси акциялари 27 фоизга қулади. Фото: GREG BAKER

Терговни қайси давлат органи олиб бораётгани, унинг мақсади нима экани ва у билан «ҳамкорлик» қилаётган Бао айнан қаердалиги ҳар доимгидек номаълум.

Бу хитойлик бизнес раҳбарининг биринчи марта сирли равишда йўқолиб қолиши эмас. Охирги вақтларда бундай ёқимсиз ҳолат бир неча бизнесмен билан содир бўлди, жумладан Хитой иқтисодиётининг интернет гиганти — Alibaba Group раҳбари ва асосчиси Жек Ма билан ҳам.

Албатта, миллиардерларнинг ғойиб бўлиши кўпчиликнинг эътиборини тортади, бироқ камроқ кўзга ташланувчи фуқаролар ҳам ҳукуматга қарши намойишларда ёки инсон ҳуқуқлари учун кампанияларда қатнашганидан кейин йўқолиб қолмоқда.

Жек Ма 2019 йилда қишлоқ ўқитувчиларига мукофот топшириш маросимида. Фото: WANG HE

Бао Фан билан содир бўлган воқеа машҳур, аммо президент Си Жинпинг Хитой иқтисодиёти устидан назоратни кучайтираётганига ягона мисол эмас деган фикр бор.

Хитой Renaissance компанияси раҳбари ҳар йили ўтказилувчи Бутунхитой халқ вакиллари йиғини (БХВЙ) съезди арафасида «ҳокимият билан ҳамкорлик қилиш»ни бошлади. Бу сафарги йиғинда Хитойнинг молиявий меъёрий-ҳуқуқий базасини сўнгги йиллардаги энг катта қайта кўриб чиқиш режаси эълон қилинганди.

Хитой ҳукумати молиявий секторни назорат қилиш учун янги ягона назорат органи яратишга қарор қилди. Уларнинг сўзларига кўра, бу орган турли хизматлар Хитойнинг триллион долларлик молия саноатининг турли қисмлари учун жавобгарлиги ортидан келиб чиқувчи қонунчиликдаги бўшлиқларни ёпади.