Қорабоғ ҳамон қайноқ нуқталигича қолмоқда. Шу кунларда арманлар ва озарбойжонлар ўртасида яна отишма бўлган. Ереван ва Хонкендини боғловчи ягона йўл — Лочин йўлагидан ҳамон блокада олинмаган. Боку томонидан минтақавий беқарорлик яратишда айбланган бизнесмен Рубен Варданяннинг вазирликдан олиниши ҳам ёрдам бермади.

Нега Қорабоғ урушидан икки йил ўтиб, Озарбойжон ва Арманистон ҳамон сулҳ шартномасини имзолай олишмаяпти. Пат вазиятдан чиқиш имконлими? Бу ҳақда Republic россиялик кавказшунос ва сиёсатшунос Нурлан Қосимов интервьюсини эълон қилди.

— Сўнгги ҳафталарнинг энг шов-шувли янгилиги Тоғли Қорабоғ давлат вазири, россиялик миллиардер Рубен Варданяннинг истеъфоси бўлди. Бу нима эди? Ахир у Қорабоғдаги арманлар назорати остидаги ерларни ривожлантириш учун улкан режалар қураётганди…

— Аввалига, Варданяннинг шу лавозимга тайинланишига сабаб бўлган контекстни англаб олиш керак. Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг Боку ва Хонкенди норасмий музокаралар ўтказаётган, лекин улар очиқ эълон қилинмаётганди. ОАВда мулозимлар ва ҳарбийлар учрашиб, умумий муаммоларни ҳал қилишга киришгани ҳақидаги ахборотлар сизиб чиқа бошлади. Масалан, Сарсанг сув омборидан биргаликда қандай фойдаланиш, газ таъминотини тартибга солиш борасида. Бу масалаларга ечим ҳам топилган.

Жанубий Кавказда барча сиёсий жараёнларни ўз назоратига олган Россия бу ноформал алоқаларни ёқламаётганди. Томонлар бу форматни ҳеч ким билан келишмаган ва бу Кремлни ғазаблантираётганди. Варданяннинг ҳудудга жўнатилиши бу «ўзбошимчалик»ка жавоб бўлди. Ўзини Тоғли-Қорабоғ Республикаси деб атовчи жойда вазир бўлгач, россиялик бизнесмен музокараларда қатнашган ҳарбий Баласанянни ишдан бўшатди. Бу билан Москва Боку ва Хонкендига унинг ортидан иш қилиш қандай оқибат келтириб чиқаришини кўрсатиб қўйди.

Варданян — Кремлнинг «троя оти» эканини аввал бошдан нафақат Бокудагилар, балки Еревандагилар ҳам жуда яхши билиб  туришган эди.

Рубен Варданян Кремлнинг «троя оти» эди. Фото: politryk.ru

Гарчи олигархнинг ўзи Россия раҳбарияти билан яқин алоқаларини рад этиб келган бўлса-да, Россияда доллар ҳисобидаги миллиардер бўлиш Кремл атрофидаги олий лавозимдаги танишлар ёрдамисиз мутлақо имконсиз экани ўз-ўзидан тушунарли.

Давлат вазири бўлгач, Варданян Қорабоғ ҳудудининг барча хўжалик ва иқтисодий ҳаётини ўзига бўйсундирди. ТҚР деб аталувчи айирмачиларнинг амалдаги президенти Араик Арутюнян ҳам кўп ваколатларидан воз кечиб, иккинчи планга ўтиб қолди. У фақат мудофаа ва хавфсизликка масъул бўлди, қолган ҳамма иш билан Варданян шуғуллана бошлади.