Бухоро хонлиги ёхуд амирлиги

XVI асрда Абулхайрхоннинг невараси бўлмиш Шайбонийхон бир неча йиллик курашлар натижасида Мовароуннаҳрда янги ўзбек давлатига асос солади. Бу салтанат дастлаб Шайбонийлар давлати деб аталади.

1533 йил Шайбонийлар салтанати тахтига ўтирган Убайдуллахон I мамлакат пойтахтини Самарқанддан Бухорога кўчиради. Бунинг сабаби унинг отаси Маҳмудхон (Шайбонийхоннинг укаси) Бухоро волийси (ҳокими) бўлгани эди. Шундан сўнг бу давлат пойтахт шаҳар номига асосланиб Бухоро хонлиги деб атала бошланади.

Бухоро хонлигининг 1533 йил, Убайдуллахон I тахтга келган даврдаги чегаралари.
Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Шайбонийхон 1505 йил Хоразм, орадан икки йил ўтиб Хуросонга юриш қилади ва Вазир, Кўҳна Урганч, Ҳирот, Машҳад, Дамғон, Астробод каби шаҳарларни эгаллайди. Бироқ 1510 йил Шайбонийхоннинг фожиали ўлимидан сўнг бу ерлар Сафавийлар салтанати тасарруфига ўтиб кетади. 1512 йили шайбоний уруғининг бошқа бир вакили Элбарсхон Хоразмда Самарқанддан мустақил Хива хонлигига асос солади. Шайбонийхон авлодлари қўл остида Мовароуннаҳр ва Шарқий Туркистон ерлари қолади.

Бир қанча вақт ички урушлар гирдобида қолган Бухоро хонлиги Абдуллахон II даврида барқарор ва кучли давлатга айланади. Айнан Абдуллахон II ҳукмронлиги даврида Бухоро хонлиги ўз қудрати чўққисига чиқади. Абдуллахон II нафақат ички курашларга барҳам беради, балки хонлик ҳудудини кенгайтириб, Хуросоннинг Машҳад, Нишопур ва Сабзавор шаҳарларини сафавийлардан тортиб олади. Хива хонлигига юриш қилиб, уни Бухоро хонлигига қўшиб олади.

Шарқда эса Қошғарни ҳам ўз давлати таркибига киритади. Абдуллахон II даврида ўзбек давлатчилиги сўнгги бор улкан сарҳадларга эга бўлади. Ҳатто Сибир хонлиги ҳам Абдуллахонга сиёсий қарам бўлиб қолади. Абдуллахон Амир Темурдан сўнг Турон заминида иккинчи энг йирик ўзбек давлатни барпо қилганди.

Абдуллахон II ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Бухоро хонлиги ҳудуди
Фото: Муҳаммадқодир Собиров

1598 йилда Абдуллахон II вафот этгач, у қурган улкан давлат ҳам заволга юз тутади. Хоразм мустақилликка эришади, сафавийлар Хуросонни эгаллайди. Қозоқ хони Таваккалхон Бухорога бостириб кириб, Тошкент, Жиззах, Хўжанд ва Самарқандни босиб олади. Унинг Бухорога ҳужуми муваффақиятсиз тугайди ва қозоқлар ортига ҳайдаб юборилади. Шундай бўлса-да Тошкент, Туркистон ва Тароз шаҳарлари Қозоқ хонлиги таркибига ўтиб кетади. 1601 йил, Абдуллахон II вафотидан уч йил ўтиб, мамлакатда Шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги ҳам барҳам топади ва Бухоро тахтига Аштархонийлар (ёхуд Жоний) сулоласи келади.