Ўзбекистон | 01:09 / 02.04.2023
53470
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Машарипов ва Курязовга енгил жазо тайинланган

Бош прокуратура Урганчдаги меҳрибонлик уйининг вояга етмаган тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлиб келган икки амалдорга қўлланилган жазони енгил деб ҳисоблаб, 29 март куни Олий судга протест киритганини маълум қилди. Бироқ Олий суд 1 апрел ҳолатига ҳукм устидан протест келиб тушмаганини билдирганди.

Фото: Бош прокуратура

Хоразм вилоятида болаларга нисбатан содир этилган жинсий жиноят бўйича суд ҳукми ва апелляция инстанцияси ажримларининг қонунийлиги ўрганиб чиқилган, дея маълум қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси.

Баён қилинишича, А.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинланган ва бошқа ҳолатлар юзасидан Олий суднинг кассация инстанциясига 29 март куни протест келтирилган.

Айни ҳолатда, икки маҳкама баёнотлари ўртасида зиддият бор. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов иш юзасидан 1 апрел ҳолатига кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмаганини билдирганди.

Бош прокуратура ахборотида жиноят ишини судда кўриб чиқишда давлат айбловчиси сифатида қатнашган прокурор айбланувчиларга қанақа жазо беришни сўрагани очиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, бу мудҳиш жиноятни жамоатчиликка “Сукут сақлама” лойиҳаси ошкор қилди. Маълум бўлишича, Хоразм вилоятида камида икки мансабдор – вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов (1979 й.т.) ва туман ФВБ раҳбари Анвар Қурязов (1984 й.т.) оилавий меҳрибонлик уйидаги 15-17 ёшли қизлар билан жинсий алоқа қилиб келган. Бу ишга қизларни 10 ой давомида меҳрибонлик уйи мудираси мажбурлаб келган. Мудира 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, икки мансабдорга 1,5 йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бу жазони аввалига Хива тумани суди 2022 йил 6 сентябрда тайинлаган. Уч нафар айбланувчи берган шикоятни кўриб чиққан Хоразм вилояти суди апелляция инстанцияси 27 декабрдаги ажрими билан бирламчи ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Аввалроқ Kun.uz енгил жазо тайинлангани ҳолати бўйича судга шикоят қилиш ваколати болалар омбудсманида ҳам борлиги, лекин у бу ваколатидан фойдаланмаганига эътибор қаратганди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бу ишни ўрганишни энди бошлаган.

Ҳолат маълум бўлиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани резонансга сабаб бўлгач, 1 апрел куни Президент администрацияси шуъба мудири Саида Мирзиёева Бош прокуратурадан ҳолатни синчиклаб ўрганиб, ҳуқуқий баҳо беришни сўраганди.

Мавзуга оид