Қандай жасорат керак?

Ўз тақдирини ўзи ҳал қила олиш жасорати. “Одамлар нима дейди?” деб ўйламаслик жасорати. Биз, шу жумладан мен, “қизларимиз ундай қилсин, бундай қилсин”, демаслигимиз керак. Бунга ҳожат бўлмаслиги керак. Аммо уларнинг жасоратларини қўллаб туришимиз керак.

Албатта, жамиятдаги анъаналар, ижтимоий роллар, “рамкалар” ўзгармасидан, бундай жасоратни осонгина эзиб ташлайдиганлар етарли бўлади, дейишингиз мумкин. Худди шундай. Аммо денгиз томчилар йиғиндиси бўлганидек, жамият – индивидлар йиғиндиси. Ҳар ким ўзидан бошласа, жамият ўзгаради.

Хўп, қизларни жасур ва мустақил қилиб тарбиялайлик дедик. Ўғил болалар-чи?

Ўғил болани ҳам ёшликдан аёлларни ҳурмат қиладиган қилиб тарбиялашимиз керак. Ўзи ҳурмат кўрмай умри ўтган оналар тарбияда аламзада бўлмай, аксинча, “ўғлим отаси мени эзганидек келинимни эзмасин”, дейиши керак.

Оталар ўғиллари билан очиқ, керак бўлса қаттиқ гаплаша олиши керак бу мавзуда. Ўғил бола ҳурматни отадан ўрганиши керак. Афсуски, бизда камдан кам ота бу ҳақда ўғлига гап очади. Кўп гаплар муҳокама қилинмайди, ичга ютилади, андиша қилинади. Натижада фожиа билан тугаши мумкин.

Мен психолог эмасман, тарихчиман, аммо болалик давримиз кейинги умримизга, феълимизга қанчалик таъсир ўтказишини яхши тушунаман. Тугал меҳр ва тоза идрок билан ўсган фарзанд меҳрибон бўлади, ўзига ишонади, бировни камситмасдан, тўкис ҳаёт кечиради. Кучли ва жасур бўлади.

Бундай инсонлар йиғиндиси бўлган жамият улғайган жамият бўлади. Ундаги энг юксак қадрият – инсон қадри бўлади. Улғайишда мукаммалликка эришган жамият йўқ, чунки ҳамма жойда манфаатлар тўқнашуви бўлади. Аммо асосида ҳурмат ва умумий мақсадлар ётган тўқнашув ҳамиша ёмон нарса эмас.

Бу жараёнлар чамбарчас боғлиқ ва вақт ўтиши билан албатта натижа беради. Битта яхши тарбия олган эркак соғлом фикрли ўғилни, ўз қадрини биладиган қизни катта қилади. Аёлга буюм ёки жинсий манба сифатида қарамайдиган одамлар пайдо бўлиши учун авлодлар кетар, аммо бу имконсиз эмас.

Беҳбудий айтган, адашмасам: ҳақ берилмас, олинур, деб. Ҳозирда баъзи консерватив ватандошларимиз ниҳоятда ҳайиқадиган, тинимсиз ёмонлайдиган ҳақ-ҳуқуқлар, аёлларнинг ҳақ ва эркинликлари аслида асрлар давом этган кураш меваларидир. Буларга эришиш учун кўп аёл-у эркак жонини берган.

Асосан ғарбда берилган бу қурбонлар бизга тегишли эмас, бу ҳуқуқлар бизга керак эмас, дейдиганларга ишонманг. Чунки бу қадриятлар умуминсоний қадриятлардир. Буларга ишонмаган одамлар билан ҳеч қачон демократия ҳақида жиддий суҳбат қуриб бўлмайди, консенсусга келиб бўлмайди.