Жаҳон | 23:02 / 10.04.2023
16511
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Мирзиёевга янги турк электромобили жўнатилишини маълум қилди 

Togg Т10Х аввалроқ Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга етказиб берилган эди. 

Фото: Anadolu Agency

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин кунларда Туркиянинг янги Togg Т10Х электромобилини олади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулдаги митингдаги чиқиши чоғида маълум қилди. Аввалроқ, 4 апрель куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга ҳам худди шу электромобил етказиб берилган эди. 

«Togg аллақачон Туркия йўлларида кезиб юрибди. Улардан бирини биродарим, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев қабул қилиб олди. Ана шундай машиналардан бирини иккинчи биродарим, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга жўнатяпмиз», деди у. 

Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, йил давомида Туркия фуқаролари учун ушбу машиналардан 20 минг дона ишлаб чиқариш режалаштирилган. 

Т10Х автомобиллари 14 март куни сотувга чиқди (олдиндан буюртма билан). Бир қувватда 314 км масофа босиб ўтадиган стандарт версия 923 минг турк лираси (554 млн сўм), 523 км масофа босиб ўтадиган версия 1,215 миллион турк лираси (730 млн сўм) туради. Улар мамлакат ғарбидаги Бурса вилоятида йиғилмоқда. Ишлаб чиқарувчилар маълумотига кўра, электромобилни 30 дақиқада 80 фоизга қувватлантириш мумкин. 

Келгуси 1,5 йил ичида Togg электромобилларини фақат ички бозорда сотиш, кейин Германия, Франция ва Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилиш йўлга қўйилиши режалаштирилган. 

Мавзуга оид