Жаҳон | 10:56 / 11.04.2023
7050
2 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири мудофаа вазирини ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорини бекор қилди

Бенямин Нетаняху Исроилдаги вазият кескинлашганидан кейин мудофаа вазири Йоав Галантни ўз лавозимида қолдирди. Бош вазир мамлакат «террор ҳужуми остида» эканини айтди.

Фото: AP

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху мудофаа вазири Йоав Галантни истеъфога чиқариш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда Нетаняху 10 апрель, душанба куни халққа телемурожаати чоғида айтиб ўтди. Вазирлар маҳкамаси раҳбари мудофаа вазири билан «барча жабҳаларда суткада 24 соат бирга» ишлаётганини ва «ихтилофларни четга суриш»га қарор қилганини билдирди.

Галантнинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги эълон 26 март куни ҳукумат раҳбари девони сайтида пайдо бўлди. Ишдан бўшатиш Галант Нетаняху ҳукумати томонидан илгари сурилган ҳамда мамлакатда оммавий норозиликларни келтириб чиқарган суд-ҳуқуқ ислоҳотини очиқдан-очиқ танқид қилганидан кўп ўтмай содир бўлди. Шу билан бирга, вазир истеъфога чиқиши ҳақида расмий хабарнома олмаган.

Сўнгги ҳафталарда мудофаа вазирининг истеъфоси ҳақидаги гап-сўзлар фонида Исроилда вазият кескинлашди – давлат Ғазо сектори, Сурия ва Ливандан ҳужумларга учради. Нетаняху 10 апрель куни мамлакат «террор ҳужуми остида» эканини айтди. Ҳукумат раҳбари суд-ҳуқуқ ислоҳоти мухолифларини мамлакатда ички бўлинишга олиб келганликда айблади.

Мавзуга оид