«Қонундан фақат зўравонлар хавотирда»
Дилфуза Қуролова, ҳуқуқшунос:
— Илгари маиший деб ҳисобланадиган оиладаги зўравонлик энди жиноят деб ҳисобланади. Энди оиладаги жисмоний зўравонлик жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди. Аёллар ҳимояси бўйича 2019 йилда қабул қилинган қонун бор эди, лекин унда жавобгарлик тўғрисида ҳеч нарса мавжуд эмасди. Эндиликда эса ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутиляпти.

Бундан ташқари, жинсий зўравонликка нисбатан жазо кучайтирилди. Олдин 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси бўлган бўлса, ҳозир 5 йилдан 15 йилгача этиб белгиланди. Олдинги Жиноят кодексида жиноятчи қиз боланинг ёшини билмасдан жинсий зўравонлик қилган бўлса, жазони енгиллатиш кўзда тутилар эди. Энди эса бу енгиллатиш олиб ташланган. Яна бир янгилик: ногиронлиги бўлган аёл-қизларга нисбатан зўравонликнинг жавобгарлиги оширилди.
Оилавий зўравонликда жавобгарликка тортилиш учун 3 хил ҳолат киритилган: жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонлик. Жисмоний зўравонлик бирдан жиноий жавобгарликка тортилади (агар жабрланувчининг соғлиги 6 кундан кўпроққа ёмонлашган бўлса – таҳр.). Руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳолатида эса биринчи марта содир этилганида маъмурий, такрорланса жиноий жавобгарлик юзага келади.
Иқтисодий зўравонлик деганда, бирламчи эҳтиёжлар қондирилмаслиги (имкон бўла туриб) ёки берган пулини ўта кучли, кераксиз назорат қилиш каби ҳолатлар назарда тутилади. Иқтисодий зўравонликни исботлаш қийин масала – Фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа давлатларда ҳам.
Бу қонун қабул қилингач, «ўз аёлимни ҳам ура олмайманми энди» деётганлар – зўравонлар ёки потенциал зўравонлар. Зўравонлик қилмайдиган эркакларни эса хавотирга солмайди бу қонун. Бу борада ортиқча гап айтиб ўтирмайман. Бу масалада шахслар қора ва оққа бўлиниши керак.
Учинчи шахс муаммоси бор. Жиноят кодексининг 66-1-моддасидаги айрим бандларни олиб ташлашга тавсия берганмиз. Бу модданинг ҳозирги ҳолатига асосан, оиладаги зўравонлик бўйича қўзғатилган жиноят иши яраштирув асосида тўхтатилиши мумкин. Лекин биз билмаймиз-ку, бу ярашув босимлар остида бўлаётгандир. Коррупцияни ҳам унутмаслик керак.








