Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. У президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар бермоқда.
Тадбир аввалида махсус вакил “Катта еттилик” давлатлари ва АҚШ томонидан Россияга қарши ишлаб чиқилган санкциялар фақат битта мақсад – унинг Украинага қарши тажовузкор уруш олиб бориш қобилиятига путур етказишдан иборат эканини эслатди.
“Таъкидламоқчиман: биз учинчи давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллаш ниятида эмасмиз, шунингдек, Ўзбекистоннинг ривожланишига, унинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан савдо алоқаларига халақит бериш истаги ҳам йўқ”, – деди Дэвид О’Салливан.
Европа Иттифоқи Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни учинчи давлатлар орқали четлаб ўтиш имкониятидан хавотирда.
“Сўнгги пайтларда биз ноодатий савдо операцияларини ҳамда ЕИ мамлакатларида ишлаб чиқарилган ва санкциялар тоифасига мансуб маҳсулотлар учинчи давлатлар ҳудуди орқали Россия ҳудудига қандайдир тарзда кириб боришини кузатдик”, – деди махсус вакил.
Унинг таъкидлашича, бир қатор мамлакатларда ЕИ давлатларида санкция остига киритилган товарлар импорти кўпайиши кузатилмоқда.
“Шу боис Ўзбекистонга келишимдан олдин БАА, Туркия, Қозоғистонда бўлдим. Грузия, Арманистон ва Сербияга бориш ниятим ҳам бор. Яна бир бор таъкидлайманки, Ўзбекистон биз ўз миссиямиз билан борадиган давлатлардан бири, холос”, – деди ЕИ махсус вакили.
Дэвид О’Салливаннинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда Евроиттифоқ молиявий масалалар бўйича Ўзбекистон Божхона қўмитаси ва Марказий банки билан самарали ахборот алмашган. “Биз ушбу мулоқотда баъзи муаммоларни иш тартибида ҳал қила олдик”, – деди у.
“Биз Ўзбекистоннинг [Россиянинг Украинага қарши уруши масаласида] бетараф қолиш истагини ҳурмат қиламиз ва шунга қарамай, катта иштиёқ ва миннатдорчилик билан Ўзбекистон ўз ҳудудидан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга қарши эканига ишонч ҳосил қилдик. Бу давлатнинг сиёсий танлови эканини тушунамиз”, – деди Дэвид О’Салливан.
Унинг таъкидлашича, амалий алоқалар чоғида ЕИ Ўзбекистон томонига Евроиттифоққа аъзо давлатда ишлаб чиқарилган икки томонлама ёки ҳарбий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган ҳамда “Россия ҳарбий машинасининг Украина халқига қарши қотиллик урушини олиб бориш қобилиятига ҳисса қўшадиган” маҳсулотлар рўйхатини топширган.


















