Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқаришда умумий тартибни қисман сақлаб қолган ҳолда давлат реестридан чиқаришни соддалаштирилган тартибда йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Жумладан:

– тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тартибда давлат реестридан чиқариш жараёнида тақдим этиладиган ҳужжатлар сони камайтирилмоқда;

– солиқ хизмати органларининг тақдимномасига асосан тижорат ташкилотини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш тизими жорий этилмоқда;

– тижорат ташкилотининг муҳри, штампларини (агар мавжуд бўлса), давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, шунингдек, мавжуд бўлса товар белгисининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказган органга топширтириш чораларини кўриш амалиёти бекор қилинмоқда;

– тугатилган корхоналар тўғрисида “Лицензия” ахборот тизими орқали лицензия ва рухсатномаларни берган органларга хабарнома юбориш тизими жорий этилмоқда.

Шу мақсадда, Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Қайд этилишича, лойиҳанинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқаришда тақдим қилинадиган ҳужжатларни камайтиришга, ваколатли органлар ўртасида ўзаро ахборот алмашинувини кенгайтиришга замин яратади.