Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бола очиқда, шу пайтгача 3 терговчи алмашган. Боғчадаги педофилия ишининг янги тафсилотлари
Чилонзор туманидаги 230-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудирасининг 15 ёшли ўғли 4 нафар қизга тегажоғлик қилишда гумонланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганди. Қизлардан бирининг отаси тергов ишлари суст бораётганини айтиб, ишнинг ёпти-ёпти қилиб юборилишидан хавотирда эканини билдирди.
Май ойи бошида Kun.uz’га фарзандлари пойтахтнинг Чилонзор туманидаги 230-сонли мактабгача таълим ташкилотига қатновчи бир гуруҳ ота-оналар мурожаат қилиб, боғчада қизлари билан боғлиқ хунук ҳолат содир бўлганини маълум қилишганди. Улар боғча мудирасининг ўғли болалар ухлаб ётган хонага кириб, қизларини қўрқитиб ечинтирганини ва тегажоғлик қилганини билдиришган.
Воқеа тафсилотлари ОАВда ёритилгач, Тошкент шаҳар ИИББ 2008 йилда туғилган йигит Жиноят кодексининг 119-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этишда гумонланаётгани, айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этаётганини, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса боғча мудираси вазифасидан озод этилганини, Бош прокуратура боғча болаларига нисбатан содир этилган жиноят иши тергови қатъий назоратга олинганини билдирганди.
Жабрланган қизалоқлардан бирининг отаси Kun.uz мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, тергов ишлари суст олиб бориляпти.
“Иш бошлангандан бери 3 марта терговчи алмашди. 2 ҳафта олдин болаларимизни терговчи ва психологлар билан гаплашишга олиб бориб келгандик. Ундан кейин яна психиатр билан учрашамиз дейишганди. Ишлар суст, гумондаги бола очиқда. Исбот ва далил кам, деган гаплар бор. Ёпти-ёпти қилишса керак ҳамманинг эсидан чиққанида.
Суд тиббий экспертизаси натижалари билан бизни таништиришмади. Бу нарсаларни фақат адвокатга беришар экан ёки иш якунлангач хулосани тақдим қилишар экан. Адвокат ёллашга эса айни пайтда маблағимиз йўқ”, — дейди қизнинг отаси.
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Мадиева у билан боғланган Kun.uz мухбирига бу иш доирасида тергов давом этаётганлигини, ҳали якуний қарор қабул қилинмаганлигини, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ бўлганлиги учун тергов ва суд ёпиқ ҳолатда олиб борилишини маълум қилди.
Маълумот учун, мудиранинг ўғли олдинроқ тегишли тартибда ушлангани айтилганди.
Агар қўйилаётган айбловлар ўз тасдиғини топса, собиқ боғча мудирасининг 15 ёшли ўғли узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Мавзуга оид
18:03 / 24.06.2026
3 ойда болалар контентига оид 1068 та қонунбузилиш аниқланди
12:53 / 24.06.2026
“Ногиронлиги бор болаларимизни сарсон қилишяпти” – Фарғонадаги Мурувват уйида махсус гуруҳ ёпилди
14:14 / 12.06.2026
Канада ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
12:53 / 11.06.2026