— Сингапур тарихан мураккаб вазиятдан то ҳозиргидек дунёнинг катта иқтисодий марказларидан бирига айланди. Бунда, албатта, Ли Куан Юнинг давлат бошқаруви ва унинг ислоҳотлари ҳақида эслаб ўтиш шарт. Айтинг-чи, Сингапур қандай тенденциялар асосида ривожланди?

Сингапурнинг бугунги кундаги энг ривожланган мамлакатлар қаторида туриши ва аҳолининг юқори даромади бевосита Сингапур иқтисодий мўъжизасини яратган Ли Куан Ю номи билан боғлиқ.

Сингапурнинг ривожланиши бир-неча босқичларни ўз ичига олади. Дастлабки давр 1965-70 йилларда саноатни ривожлантириш даври, иккинчи босқич эса 1980-90 йиллар маҳаллий технологик имкониятларнинг кучайиш даври. Учинчи давр амалий-илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва юқори технологияли ишлаб чиқариш, асосан илмий тадқиқотларга кўпроқ урғу бериш даври бўлди.

Ли Куан Ю IT-дастурни амалга оширишни мақсад қилди, яъни миллий таълимга сармоя киритиш орқали мамлакатда компютер саводхонлигини 100 фоизга етказиш, хусусий тадбиркорликка ўрнак кўрсатган ҳолда давлат аппаратини тўлиқ компютерлаштириш ва мамлакатда рақобатбардош компютер саноатини шакллантириш.

Шундай қилиб, асосий эътибор инсон омили ва тўлиқ компютерлаштиришга қаратилган.

— Бугунги кунда Сингапур иқтисодиётининг дунё ҳамжамиятидаги ўрни қандай? Сингапур ва глобал иқтисодиёт қандай омиллар билан узвий боғлиқ?

Сингапур дунёда аҳоли жон бошига ЯИМ энг юқори бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди ва БМТнинг номинал ялпи ички маҳсулот бўйича мамлакатлар рўйхатида юқори ўринларни эгаллаган. Жаҳон банки рейтингида 35-ўрин, Халқаро валюта фонди ва БМТ рейтингларида 34-ўринда қайд этилган.

Шунингдек, мамлакат иқтисодиёти маҳсулотлар экспортига боғлиқ. Жумладан, маиший электроника, ахборот технологиялари, фармацевтика маҳсулотлари, молиявий хизматлар.

Сингапур иқтисодиёти коррупциядан холи иқтисодиёт ҳисобланади. Яъни очиқлик ва шаффофлик 100 фоиз таъминланган.

Сингапур – нефтни қайта ишлаш бўйича дунёдаги учта йирик экспорт марказларидан бири. Шунингдек Сингапурнинг қулай географик жойлашуви ҳам дунё инвесторларини ўзига жалб этади.