Ҳукуматнинг "Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциациясини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қуйиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва масрестлинг федерациясининг Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва масрестлинг федерацияси негизида Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциациясини ташкил этиш бўйича таклифи маъқулланган.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда Ассоциацияни давлат рўйхатидан ўтказиш масалаларида амалий ва ташкилий ёрдам кўрсатади.
Ассоциациянинг уставидаги асосий вазифаларига қуйидаги қўшимча вазифаларни киритиш тавсия этилган:
- Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа масъул идоралар билан биргаликда мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш;
- фитнес тренерлар ва мутахассислар учун методик тавсиялар ва ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, махсус курс ва семинарлар ташкил этиш, малакасини ошириш ва аккредитациядан ўтказиш;
- соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш бўйича талаб этиладиган спорт озиқ-овқат маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчалар, спорт ускуна ва инвентарларига техник регламентлар асосида тавсиялар бериш;
- мактаб ўқувчилари ва олийгоҳлар талабаларини спорт тўгаракларига жалб қилиш, уларнинг зарарли одатларини камайтириш;
- спорт федерацияларини ихтиёрийлик асосида Ассоциацияга аъзо қилиш ҳамда спорт секциялар ва тўгараклар, тренерлар ва инструкторлар ҳақида маълумотларни аҳолига етказиш мақсадида спорт иншоотлари ва клубларининг электрон маълумотлар базасини юритиш;
- аҳолига ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш ҳамда соғломлаштирувчи машқлар комплекси ва тўғри овқатланиш бўйича мобил илова яратиш, аҳолини кардио машқлар билан шуғулланиши учун “ақлли юриш ва югуриш йўлакчалар”, “фитнес билан бирга бўл”, “озиш учун кардио” ташкил этиш каби таклифлар ишлаб чиқиш;
- соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланишни тарғиб қилишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда ҳудудлар ва тармоқлар кесимида социологик мониторинг ва рейтингни юритиш.
Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциациясини ташкил этиш ҳамда аҳолига соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш тамойилларини сингдириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.















