АҚШ давлат котиби Марко Рубио Оқ уй Space Х компаниясининг сунъий йўлдош интернетини Украина ҳарбийлари учун чеклаш тўғрисида фармойиш бермаганини маълум қилди. Унинг сўзлари Украина президенти Володимир Зеленскийнинг интернет-терминаллар ҳали ҳам юқори тезликда ҳаракатланадиган қурилмаларда ишлай олмаслигини айтган даъволарига зид келади.
Сўнгги ҳафта давомида Украина расмийлари ва ҳарбийлари Украина қуролли кучлари дронларга ўрнатилган сунъий йўлдош интернет терминалларидан фойдаланиш имкониятини йўқотганини айтиб келмоқда.
Украинадаги Space Х сервислари билан боғлиқ муаммолар ўтган ҳафта охирида, Киев ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескин совиши фонида маълум бўлганди. Ўшанда президент Доналд Трамп Зеленскийни Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба бергани учун танқид қилган ва Владимир Путин билан жаҳон бозорига бир неча партия дизел ёқилғиси етказиб бериш бўйича келишиб олганди.
Бироз вақт ўтиб украин ҳарбийлари журналистларга қурилмаларнинг тезлиги бўйича чекловлар йўқола бошлаганини, бироқ хизмат тўлиқ тикланмаганини маълум қилишди.
Шанба куни эса Зеленский журналистлар саволларига жавоб бераркан, ҳозирда Starlink терминаллари ишлашда давом этаётган максимал тезлик соатига 161 километрни ташкил этишини айтди. «Мен кўрган ва эшитган ҳисоботларга кўра, шундан сўнг Starlink бутунлай ўчиб қолади ва биз дронни йўқотамиз», – деди Зеленский.
У бундай чекловлар туфайли Украина ҳарбийлари позициялардаги жангчиларга озиқ-овқат ва сув етказиб бериш имкониятини йўқотганини қўшимча қилган. «Бу ҳарбийлар ёки техника ўта олмайдиган жойларда, душман дронлари назорати туфайли изоляция юзага келган жойларда жуда муҳим», – деган Зеленский.
Чекловлар ҳақида АҚШдагилар нималар демоқда?
Ҳафта давомида АҚШ расмийлари Украина ҳарбийлари учун сунъий йўлдош интернети чекланганини бир неча бор рад этди.
«Бу ким бўлиши мумкинлигини умуман билмайман, чунки бу мен эмас эдим ва Илон бўлган деб ҳам ўйламайман. Тушунишимча, ҳаммаси аввалгидек», – деди Трамп 16 октябр куни журналистларнинг чекловлар сабаблари ҳақидаги саволига жавобан.
Зеленскийнинг сунъий йўлдош интернети билан жиҳозланган қурилмаларнинг максимал тезлиги пасайтирилгани ҳақидаги баёнотларига АҚШ давлат котиби ҳам муносабат билдирди.




















