Kun.uz'га бир қанча ўқитувчилар ёзги таътилда тўланадиган таътил пуллари камайиб кетгани борасида мурожаат қилди.
Шу вақтгача ўқитувчилар 56 календар куни дам олишган, бу 48 иш кунига тўғри келади.
“Бизга таътил пули 41 кунга ҳисоблаб чиқариляпти. Таътил пулимиз ўтган йилга солиштирганда кам чиқяпти. Бу ҳолат фақат менда эмас, бутун Ўзбекистон бўйича содир бўлмоқда, буни Telegram'даги устозлар каналида кўришингиз мумкин”, – дейди қорақалпоғистонлик ўқитувчи.
Яна бир ўқитувчига кўра, янги Меҳнат кодекси билан якшанба кунини ҳам 48 кун ичига киритишяпти ва пул тўланадиган таътил кунлари 7 кунга қисқаргани ҳисобига таътил пули ҳам кам чиқяпти.
Муаммо янги Меҳнат кодексига бориб тақалади
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Лазокат Турикованинг тушунтиришича, муаммонинг сабаби – янги қабул қилинган Меҳнат кодекси билан, ҳамма таътилларни иш кунида ҳисоблашдан календар кунида ҳисоблашга ўтилганида.
“Туман юридик хизмат марказлари таълим муассасаси буйруқларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда ҳам турлича талқин қилинаётган ҳолатлар бор. Чунки янги Меҳнат кодексининг 221-моддасига мувофиқ, ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқилиши белгиланган.
Таълим муассасалари Юридик хизмат марказларига таътилга оид буйруқларни тақдим қилганда асос сифатида локал ҳужжатларни кўрсатишган. Локал ҳужжатларда, яъни жамоа шартномалари ва меҳнат шартномаларида 48 иш кунидан иборат таътил олдинги ҳужжатларга кўра киритилган. Шу боис ушбу 48 иш кунидан иборат таътил муддатини 48 календарь кунига айлантириб белгилаш тўғри деб топилган ҳолатлар бўлди. Бунинг ҳисобига таътил кунлари камайиб кетиши юзага келди. Бу ҳолат ҳамма ҳудудларда ҳар хил талқин қилинди, чунки ҳуқуқий асос йўқ”, – дейди Лазокат Турикова Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Янги Меҳнат кодексига мувофиқ, педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланадиган бўлди.









