Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.

Шунингдек, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳам “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирланди.

Бу ҳақдаги фармонларни президент Шавкат Мирзиёев 27 июн – Қурбон ҳайитидан олдинги Арафа кунида имзолади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “ўзининг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муқаддас динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш, машҳур уламоларимизнинг бебаҳо асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги алоҳида хизматлари учун” мукофотланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятида туғилган.

Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида, Ливиянинг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетида таҳсил олган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ва Олий маъҳадда турли лавозимларда фаолият юритган уламо 1989 йилга келиб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси лавозимига тайинланган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда собиқ совет Олий Кенгашига депутат этиб сайлангач, собиқ иттифоқ президенти Михаил Горбачёв ва Олий Кенгашга иттифоқ мусулмонларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан баённома тақдим этган. Унинг Горбачёв билан бевосита мулоқотидан кейин Москванинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида ижобий ўзгариш сезила бошлагани айтилади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг саъй-ҳаракатлари билан собиқ иттифоқда кўплаб масжидлар ва мадрасалар очила бошланди, мусулмонларга ўз диний урф-одатларини, маросимларни адо этишга рухсат берила бошланди. Собиқ иттифоқдан ҳаж сафарига борадиган мусулмонларнинг сони кескин оширилди.