2026 йил 20 октябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташкил этилганига 83 йил тўлди. Шу муносабат билан Kun.uz Мусулмонлар идораси матбуот хизмати ҳамкорлигида ушбу муассаса фаолияти ҳақида маълумотларни жамлади.

Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, 1943 йилнинг айни шу куни Тошкентда бўлиб ўтган уламолар ва дин арбоблари қурултойида мазкур тузилмага асос солинган.

Идора Иккинчи жаҳон уруши йилларида, Совет ҳукумати динга нисбатан чекловларни юмшата бошлаган бир пайтда тузилган. 1943 йил ёзида тошкентлик олим Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчилигидаги уламолар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларини ягона диний бошқармага бирлаштириш ташаббуси билан чиққан. Улар СССР Олий Кенгаши Президиуми раиси Михаил Калининга мурожаат қилган, ўша йили июлда эса идора очишга расмий рухсат олинган.

Эшон Бобохон муфтийликка сайланган курултой / Фото: Allomalar.uz

Илк қурултой 1943 йил 15–20 октябрь кунлари Эшон Бобохоннинг Қорасарой кўчасидаги ҳовлисида бўлиб ўтган. Унда беш республикадан келган 160 дан зиёд вакил Эшон Бобохонни бир овоздан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, беш республика муфтийси этиб сайлаган.

Эшон Бобохон - диний идоранинг илк муфтийси / Фото: Allomalar.uz

Идора тарихи давомида бир неча марта номини ўзгартирган. Совет даврида муфтият «диний бошқарма» деб аталган. 1990 йиллар бошида минтақадаги ҳар бир республика ўз диний бошқармасини тузган.

Марказдаги диний идора тарихи хақида стенд / Фото: Muslim.uz

1992–1995 йилларда Ўзбекистондаги идора Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси деб аталган, 1996 йилдан эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси номини олган.

Ҳовлидан маҳобатли марказгача