Қора курткали эркаклар енгил кийинган аёлни полдан кўтариб, лифтдан судраб, подъезддан совуқ ҳавога олиб чиқишади. Зарема Мусаеванинг 2022 йил 20 январида қўлга олиниши шундай рўй берганди.
Чеченистон ИИВ ходимлари унинг Нижний Новгороддаги квартирасига бостириб киришган ва куч билан Грознийга олиб кетишган. Мусаевага кийинишига ҳам, доимо қабул қилиб туриши керак бўлган инсулинни (аёл диабетга чалинган) олишга ҳам имкон берилмайди.
Кейинги бир ярим йилни Зарема тергов изоляторида ўтказди. 4 июл куни Грознийнинг Ахматов райони судида ҳукм ўқилди: у энди беш ярим йилни умумий тартибли колонияда ўтказиши керак.
Мусаеванинг турмуш ўртоғи — чеченистонлик собиқ федерал судя Сайди Янгулбаев. Уларнинг фарзандлари Абубакар ва Ибрагим — ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар. Зарема ва Сайди 2017 йилдаёқ Чеченистондан кетишга мажбур бўлишган. Чеченистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Қодировнинг танқидчиларини тутиш учун ўз назоратидан ташқарида бўлган ҳудудга келиши ўша вақт учун ноёб ва шокка туширадиган прецедент бўлганди.
«Бу оилани ё қамоқда, ёки ер остидаги жой кутмоқда»
Чеченистон ҳукумати Янгулбаевларни 1ADAT ҳаракати (мухолифатчи руҳдаги телеграм-канал номи билан аталган) билан алоқадор ҳисоблайди, бу ҳаракат аъзолари Қодировни очиқчасига танқид қилади ва ўзларини «Чеченистонни деоккупация қилиш тарафдорлари» сифатида намойиш этади. Ҳаракат Россияда тақиқланган, уларнинг сайти блокланган. Абубакар — ҳуқуқ фаоли, у «Қийноқларга қарши жамоа»нинг Кавказ бўлими ҳуқуқшуноси бўлиб ишлайди. У ҳам, отаси ҳам 1ADAT билан алоқаларга эга эмаслигини таъкидлайди: фақатгина Ибрагим ўзининг бу ҳаракатдаги иштирокини тасдиқлаган.
Чеченистон учун Рамзан Қодировнинг танқидчиларига уларнинг қариндошлари орқали босим ўтказиш одатий ҳолга айланган. Қодиров эса бу оиладан қаттиқ жаҳли чиққан. Зарема Мусаева ҳибсга олинишидан олдин Чеченистонда Янгулбаевларнинг 15 қариндоши йўқолиб қолганди.
Заремани Грознийга олиб келишгач, унинг иши шов-шувга айланиб кетганидан кейин Қодиров Янгулбаевларга очиқ таҳдид қила бошлади. «Бу оилани ё қамоқда, ёки ер остидаги жой кутмоқда. Ва бу энди менга боғлиқ эмас. Мен жамоатчилик кайфиятидан бохабарман, — деганди ўшанда у. — Ҳеч бўлмаганда биргина чечен тирик экан, бу оила аъзолари ҳаётдан бемалол баҳра ололмайди, чунки халқимизнинг ҳар бир вакилининг шаънига катта зарар етказилмоқда».
Қодировнинг маслаҳатчиси ва Давлат думаси депутати Адам Делимханов эса шунчаки оилани қатл этиш билан таҳдид қилганди.















