Жамият | 15:39 / 08.07.2023
26018
3 дақиқада ўқилади

Иш унумдорлигини оширишнинг 6 қоидаси

Вақтингизни бошқаришни, самарали ишлашни ва тўғри дам олишни ўрганмас экансиз, кунлар, ҳафталар, ойлар, балки йилларингизни ҳам беҳуда ўтказиб юборишингиз ҳеч гап эмас. Шу боис иш унумдорлигини оширишиннг энг оддий йўли тўғри ва етарли дам олишдир. Бу борада бир нечта содда тавсиялар сизга асқатиб қолиши мумкин.

Фото: Shutterstock

"Ахборот парҳези"га ўтинг

Фото: Shutterstock

Ахборотнинг катта оқимлари асаб тизимини зарарлайди ва дам олишни қийинлаштиради. Янгилик сайтлари, каналлари ва ижтимоий тармоқлар доимий равишда бизнинг эътиборимиз учун курашади, кўпинча бир хил мавзуларни ёритишади. Шунинг учун, уларга кўп вақт ажратиш шарт эмас. Биргина ишончли, муҳим ахборот воситасини кузатишнинг ўзи етарли.

Тез-тез танаффуслар қилинг

Агар сиз жуда кўп вазифалар талаб қиладиган қийин соҳада ишласангиз, ўзингизга камида ярим соат ажратинг. Стулингиздан туринг ва жисмоний фаолият билан шуғулланинг. Турли енгил машқлар, чўзилиш гимнастикаларининг ўзи ҳам кишидаги чарчоқ ва диққат етишмаслигини бартараф қила олади.

Тез-тез кўчага чиқинг

Айниқса, иш вақтида. Бинодаги эскирган ҳаво самарадорликни пасайтиради, бош оғриғига ва стрессга олиб келади. Олимлар ҳатто “касал бино синдроми” атамасини ҳам кўп ишлатишади, бу ҳолат бино ҳавосини алмаштирмаслик, ёритиш ва иситиш тизимларининг ёмонлиги туфайли оғриқли аломатлар юзага келишига сабаб бўлади. Сизнинг ишхонангизда барча имкониятлар мавжуд бўлса-да, тоза ҳаво танангизга кўпроқ ёқади.

Дам олиш соатларини олдиндан режалаштиринг

Фото: Shutterstock

Ишдан сўнг ёки дам олиш кунини қандай ўтказишингизни олдиндан ҳал қилинг, уни севимли машғулотлар билан тўлдиришга ҳаракат қилинг. Мақсадсиз ётиш янада чарчоққа олиб келади. Унинг ўрнига қизиқарли дам олиш кунлари билан сиз самаралироқ ишлайсиз.

Дам олиш кунида иш ҳақида ўйламанг

Дам олиш кунида ишга “тегмасликка”, бу ҳақда умуман ўйламасликка ўзингизга ваъда беринг. Муҳим учрашув ёки тугалланмаган иш бўлса ҳам. Ёдингизда бўлсин, сизнинг шахсий ҳаётингиз бор, бу кунни бутунлай оилангизга бағишланг.

Қийин ишларни қисмларга ажратиб бажаринг

Фото: Shutterstock

Агар сиз устида ишлаётган ёки юмуш мураккаб ёки оғир бўлса, уни бир уринишда битказишга уринманг. Аксинча, бўлакларга бўлиб, секинлик билан бажаринг. Шундагина диққатингизни бир жойга жамлаш ва иш самарадорлигини ошириш енгил бўлади.

Махсума Оққўзиева тайёрлади.

Мавзуга оид