Ўзбекистон | 16:40 / 11.07.2023
48999
2 дақиқада ўқилади

Президент 2 та шаҳар ва 10 та туман ҳокимини ишдан олиш бўйича топшириқ берди

Уларнинг фаолиятини бош прокуратура текширади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда йил бошида режа қилинган хорижий сармояларни ўзлаштириш вазифаларининг ижроси кўриб чиқилди.

Бу йилги инвестиция ва ҳудудий дастурлар доирасида жами 20 миллиард доллар хорижий сармояларни ўзлаштириш бўйича катта марралар белгиланган эди.

Бу борадаги ижобий тажриба сифатида ўтган олти ойда Андижон шаҳри, Булоқбоши, Ромитан, Ғаллаорол, Фориш, Кармана, Давлатобод, Чуст, Каттақўрғон, Сирдарё туманларининг ҳар бири 50 миллион доллардан кўп тўғридан тўғри инвестиция олиб келингани қайд этилди.

Натижада ушбу туманларда жами 50 мингта янги иш ўринлари, қўшимча 1 триллион сўм тушум пайдо бўлди.

Лекин Амударё (Султонбой Йўлдошев), Қўрғонтепа (Элёрбек Набижонов), Бухоро (Хайрулло Жўраев), Миришкор (Шерали Санаев), Чироқчи (Нодир Эркаев), Хатирчи (Сайфиддин Низомов), Пайариқ (Зафар Эргашев), Оқолтин (Дилмурод Фозилов), Гулистон (Сайдимқул Бегимқулов), Оққўрғон (Алишер Каримжонов) туманлари, Навоий (Муратхан Эгамқулов) ва Янгийўл (Фарҳод Мирзаев) шаҳарларида бу кўрсаткичлар пастлиги, инвестиция муҳити қониқарсизлиги танқид қилинди.

Президент ушбу туман ва шаҳар ҳокимларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берди.

Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига ушбу ҳокимлар фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.

Мавзуга оид