Аммо шундай кимсалар борки, оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсатишни ўз одат тусига айлантириб улгурган. Бундан бир туки қилт этмайди. Виждони қурсоғи билан ҳисоблашади. Қорин тўйяптими, нафс қоняптими, бўлди: виждон дам олади…

Таниқли ўзбек ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ўзининг «Икки карра икки беш» асарида айнан шундай касларнинг кирдикорларини қаламга олган. Асар тўлиқ юмор тарзида ёзилган, кўзингиз ёшлангунга қадар кулдирадиган саҳналарга бой. Аммо ўша кулгилар остида аччиқ ҳақиқатлар беркиниб турган бўлади. Айнан шу аччиқ ҳақиқатлар боисидан ҳам роман ўз вақтида қаттиқ танқидга олинган, беобрў қилинишга уринилган.

Олтин зангламас, ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди деганларидек, ушбу асар бугун ўқувчилар қўлида турибди.

Сюжет:

Асар бош қаҳрамони — Қўшоқвой. Ҳикоя айнан шу бола тилидан айтилади. У ҳали мактабга чиқмаган пайтлари баланд ёнғоқдан йиқилиб, боши қаттиқ лат ейди. Шундан кейин ақлий жиҳатдан тенгдошларидан бироз ортда қола бошлайди. 9 ёшидан мактабга боради. Унинг энг яқин дўсти Шодивой. У Раис буванинг арзандаси. Икки ўртоқ хўп кулгили воқеаларни бошдан кечиради. 

Ана-мана қилиб мактабни ҳам битиришади. Раис Шодивойни «юридика»да ўқитмоқчи бўлади. Аммо Шодивой Қўшоқвойсиз ўқимайман деб туриб олади. 

Раис Қўшоқвой ва Шодивойни ёнига олиб, Тошкентга жўнайди. У ерда бир каттакон домла билан келишиб, Қўшоқвойни ўқишдан ўтказиб беришга ваъдалашади. Имтиҳонда ҳар икки жўра бир хил вазифа бажаришади ва англашилмовчилик сабаб Шодивой қолиб Қўшоқвой имтиҳондан ўтиб кетади. Аммо раиснинг куйиб-пишиши орқали бу «хато» тезда тузатилади.

Раис Шодивойнинг дод-войига қарамай Қўшоқвойни қишлоққа қайтариб олиб кетади. Икки жўра кейинчалик тушунадики, Қўшоқвойни имтиҳонга кириши Шодивойни кўндириш учун бўлган экан.

Қўшоқвойни Раис бува бригадир қилиб қўяди. Қўшоқвой сонлар, рақамлар масаласида бироз оқсарди. Жудаям содда эди. Унинг айни шу ҳолати Раисга қўл келарди.

Кунлардан бир кун қаҳрамонимиз Раиснинг Наргиза исмли котибасига мубтало бўлади. У қиз бир каттаконнинг жияни бўлади. Раис ҳам шуни кутиб тургандек дарров қизни Қўшоқвойга унаштириб, тўйни тезлаштириб юборади. Бундан фақатгина Қўшоқвойнинг дадасигина шубҳага тушади. Аммо унинг шубҳаларига ким ҳам қулоқ осарди. Ахир бу тўйга шахсан Раис бува бошчилик қиляпти-ку!

Тўй жуда дабдаба билан ташкиллаштирилади. Оддий бригадир бўлиб ишлайдиган, неча ойлаб ойлик олмайдиган Қўшоқвой учун бундай тўкин-сочинлик бўйнигача қарзга ботиш демакдир. Нима қилсин – ўзбекчилик...