Ҳаётимиз давомида кўп нарсани кейинга қолдирамиз. Яқинимизга қўнғироқ қилишни, икки оғиз суҳбатни, арзимас истакларни бажаришни ҳам ортга сурамиз. Ҳали вақт борлигига ишонамиз. Бугун «5 дақиқа» да Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асари ҳақида гаплашамиз. Ушбу китоб ўқиб тугатилганидан кейин ҳам онгингизда яшай бошлайди.

«Дунёнинг ишлари» бир қараганда хотиралар мажмуаси, парча-парча воқеалар йиғиндисидек туюлади. Бироқ асардаги ҳар бир ҳикоя, ҳар бир эпизод мустақил ҳолда ўқилиши мумкин, уларнинг барчаси ягона маънавий марказга — она образига бўйсундирилган. Бу ерда онага қаҳрамон сифатида эмас, ҳаёт манбаи сифатида қаралади.

Болалик — муаллиф учун энг соф, энг рост давр. «Оқ, ойдин кечалар» орқали ўқувчи она ва бола ўртасидаги муносабатнинг илк шаклини кўради. Она болага ҳаётни ўргатмайди, балки уни ҳис қилишни англатади. Ой ва юлдузлар, тун ва сукут — булар шунчаки табиат манзараси эмас, балки бола қалбига жойланаётган биринчи маънавий тушунчалардир. Она юлдузни етим деб атаганида, бола онгида раҳм-шафқат ва йўқотиш тушунчалари шакллана бошлайди.

Оналар ўлмайди…

Асарнинг «Тасалли» қисмида она вафоти билан инсон ҳаётидаги энг оғир узилиш тасвирланади. Қабристон, ёмғир, қуёш ва гўрковнинг сўзлари — буларнинг барчаси инсон ўзини алдаш учун топадиган тасаллилардир. Аммо ички дард битта: она тирик пайтида айтилмаган миннатдорлик.

Китобда она ўлимидан кейин ҳам ҳаётдан чиқиб кетмайди, у фарзандининг онгида чироқ кўтариб юради. Бу чироқ — виждон рамзи. Муаллиф кеч қайтишларини, бепарволикни, онанинг тунлари уйқусиз қолиши сабабини ортига қараб англайди. Бу ерда асар замонавий инсон муаммосини кўтаради: иш, йиғин, дўстлар баҳонасида ота-онага ажратилмай қолган вақт — кейин ўрни тўлмайдиган йўқотишлардир.

Она нафақат ўз фарзандлари, балки бутун маҳалла, бутун жамият олдида масъулият ҳис қилади. Унинг «қарзи» — пул билан ўлчанмайдиган қарз. У кўчада йиғлаётган бегона болага ҳам раҳм қилади, бағрига босиб одамийлик дарсини беради. Унинг учун йиғлаётган боланинг «бегонаси» йўқ. Бу ҳолатда она бутун бир авлоднинг виждони сифатида намоён бўлади.

Вақт унчалик кўп эмас

Асардаги «Гилам пайпоқ» ҳикоясини ҳар сафар ўқиганимда, юрагим оғрийди. Она бу ишни қаҳрамонлик деб билмайди. У фақат она бўлгани учун шундай қилади. Қишнинг қоронғи совуғида, юпқа калишни оёғига илганча боласини табибга олиб чопади. Ва бир умрлик касалликни орттириб олади. Кейинчалик фарзанд олиб келган гилам пайпоқлар — кечиккан миннатдорлик, кеч англанган ҳақиқат рамзига айланади.