Фарғона шаҳри Янги Аср кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилган ҳолат юзасидан янги тафсилотлар очиқланди.
Қизалоқнинг яқинлари томонидан берилган маълумотларга кўра, 19 июль куни ўзларига таниш бўлган оила фарзанди — 2006 йилда туғилган, Фарғона шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси қизнинг уйига келиб онаси уни чақираётганини айтган ва уйдан олиб чиқиб кетган. 11 ёшли қизалоқ ота-онасининг ёлғиз қизи бўлган.
«Қизимнинг қулоғи тагига темир билан уришган. Кейин биттаси уйидан адёл олиб чиқиб, учта бола нима қилса қилибди», дейди алам билан марҳум қизнинг отаси.
Бош прокуратура матбуот хизмати воқеа содир бўлган куни гумонланувчининг ёнида бўлган икки нафар шерикнинг ушбу жиноятга алоқадорлиги ҳам текширилаётганини билдирган.
Маълум бўлишича, ҳодиса содир бўлган куни қизнинг онаси кўричак хуружи билан операция бўлган.
«19 июл куни соат олти яримларда апендицитим ушлаб қолганди. Домкомимиз тез ёрдам чақириб берди. Ўғлим мен билан бирга тез ёрдам машинасида банисага борди. УЗИга тушдим. Ўғлимга: «Паспортим керак экан, бориб олиб келгин», деб айтдим», деган марҳумнинг онаси Қизлархон Исомиддинова Vodiy24 каналига берган интервюсида.

Аёл шифохонада ётган вақтда оилага таниш оиланинг ўғли (гумондор) келиб, Маржонани онаси чақираётганини айтиб, олиб чиқиб кетади. Қизнинг отаси унинг сўзларига ишониб, фарзандини у билан бирга юборади.
«Ўғлим онасини банисага ташлаб келди. Операция бўлганди соат 12 да. Болаларим ўша ерда кутиб туришди. Операция тугагандан кейин дўхтирлар ўғлим билан қизимга «уйга бораверинглар», дейишибди. Менга телефон қилишганди: «Қайтаверинглар!» деб айтдим. Қизим акаси билан уйга келди.
















